“Ўзбеккўмир” АЖ: аҳолига кўмир тарқатиш давом этмоқда. 101 минг тонна маҳаллий, 56 минг тонна импорт кўмир захираси яратилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг 2020 йил якунлари ва истиқболдаги устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда “Ўзбеккўмир” АЖ директори ўринбосари Эркин Якубов ва бошқалар ўтган йилда тизимда амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари борасида кўрилган чоралар таҳлилига алоҳида урғу берди.

Хостинг картинок yapx.ru

Анжуманда таъкидланганидек, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 2020 йилда истеъмолчиларга 4,2 миллион тонна кўмир етказиб берилган. Жорий 2021 йилдаги режа эса 4,45 миллион тоннани ташкил этади.

– Айни кунларда аҳолига кўмир етказиб бериш ишлари изчил давом эттирилиб, мавжуд 91 кўмир омборида 101 минг тонна маҳаллий кўмир, 56 минг тонна импорт кўмир захираси яратилган, – деди Э.Якубов. – “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти соҳанинг йирик корхонаси сифатида Ангрен кўмир ҳавзасидаги учта кондан йилига ўртача 4 миллион тонна кўмир қазиб олмоқда. Тайёр маҳсулот иқтисодиёт тармоқлари, бюджет ташкилотлари ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб берилмоқда. Пандемия шароитига қарамай, жамиятда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари пасайишига йўл қўйилмади. 2020 йилда кон устини очиш ишлари 23,1 миллион метр кубни ташкил қилди. Кўмир қазиб олиш 3,9 миллион тонна, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 101,6 фоизга тенг бўлди. Жумладан, иссиқлик электр станцияларига 2,8 миллион тонна, аҳолига 940 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларига 412,8 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига 87,4 минг тонна кўмир юборилди.

Қайд этилганидек, 2020 йил июль ойидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфида бўлган 91 кўмир омбори, фойдаланилаётган 38 темир йўл йўлак, 86 брикет ишлаб чиқарувчи ускунаси ва 84 автотарози, шу билан бирга, ёрдамчи техникалар ва 2 минг нафардан ортиқ ишчи-ходим «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти таркибига ўтказилди. Аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир етказиб беришни самарали ташкил этиш учун “Кўмри таъминот” МЧЖ ташкил этилди.

– Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари тасдиқлаган “ 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика аҳолиси ҳамда ижтимоий соҳа объектларига маҳаллий кўмир маҳсулотлари кунлик жадвалга мувофиқ ҳудудий филиалларнинг кўмир омборларига етказиб берилмоқда. Айни пайтда вилоятлар ҳокимликларининг ёзма мурожаатларига асосан аҳолининг кўмирга бўлган қўшимча талаби ҳам тўлиқ қондирилиб, “Кўмир таъминот” МЧЖ томонидан вилоятлардаги омборлари қўшимча яна 100 минг тоннадан ошиқ кўмир маҳсулотлари билан таъминланди. Шу билан бирга, Қозоғистон Республикасидан 82 минг тонна импорт кўмир маҳсулотлари олиб кирилди ва аҳолига сотилди.

2020 йилнинг 2-4 ноябрь кунлари Наманган вилоятида, 12 ноябрь куни Самарқанд вилоятида ўтказилган сайёр оммавий қабуллар натижасида ушбу вилоятлар туманлари аҳолисининг мурожаатларига маъмурият томонидан қўшимча кўмир маҳсулотлари етказиб берилган бўлса, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Яккабоғ ҳамда Деҳқонобод туманларидаги, Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Шофиркон, Пешку ва Ромитан туманларидаги қишлоқларда кўмир ярмаркалари ташкил этилиши каби кўрилган чоралар фикримиз исботидир, – деди “Кўмир таъминот” МЧЖ бош директори Аслан Қаюмов.

Соҳа мутасаддилари 2021 йилда амалга ошириладиган режаларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, йил мобайнида кон устини очиш ишлари 32,5 миллион метр кубни ташкил этиши кутилмоқда. Шунингдек, 2021 йил давомида кон-машина механизмларнинг 180 хил эҳтиёт ва бутловчи қисмларини маҳаллийлаштириш ҳисобига маҳсулот ва ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 миллиард сўмга ёки 2020 йилга нисбатан 10 фоизга оширилади. Айни пайтда ишлаб чиқариш харажатларини 77 миллиард сўмга камайтириш режалаштирилган.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА