«Ўзбеккўмир»: коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қандай тадбирлар амалга оширилмоқда?

Айни кунларда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси ва унинг олдини олиш бўйича кенг қамровли тадбирлар йўлга қўйилган.

«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятида ҳам санитария-эпидимиологик осойишталикни таъминлаш кун тартибидаги энг долзарб масалага айланган. Ҳозирги кунда Жамият Бош директорининг буйруғи асосида барча таркибий бўлинмалар ва филиалларда кучайтирилган тартиб жорий этилди.

Бунда энг аввало ходимларнинг иш жойлари, бириктирилган ҳудудлар ҳамда хизмат автоуловлари санитария нормаларида кўрсатилган даражада доимий равишда дезинфекция қилинмоқда. Иш жойида бўлишнинг зарурияти ва бажариладиган ишнинг муҳимлиги ўрганиб чиқилиб, асосий фаолиятга таъсир этмаган ҳолда ишчи-ходимларга навбатдаги меҳнат таътили берилди. Иш жойларида қолган ходимларнинг меҳнат фаолияти максимал даражада масофадан ташкил этилмоқда. Шунингдек, иш жойида бўлган пайтда шахсий ҳимоя ва гигиеник воситалари (ниқоб, совун, спиртли антисептик) билан бўлиш устидан назорат ўрнатилган.

Айни пайтда корхоналаримизга ташриф буюрувчи шахслар (бошқа ташкилот вакиллари, жисмоний шахслар ва ҳ.к.) қабул қилиш максимал даражада чекланди. Бу иш масофадан амалга оширилмоқда. Ташриф буюрувчиларни ўта зарур ҳоллардагина фақат шахсий ҳимоя ва гигиеник воситаларини (ниқоб, совун, спиртли антисептик) қўллаган ҳолда киритиш мажбурий тартиби жорий этилган.

Коронавирус инфекцияси кириб келишининг олдини олишда шахсий ҳимоя ва гигиеник воситаларидан фойдаланиш ўта муҳим аҳамията эга. Ушбу воситаларни ҳозирда тендерсиз, тўғридан-тўғри шартномалар орқали харид қилишга рухсат берилгани учун таъминотда айтарли муаммолар йўқ. Ҳозиргача 200 кг. хлор, 5 минг погон метр мато келтирилди. Жамиятимиз қошида фаолият кўрсатаётган касаначилар томонидан тайёрланаётган тиббий ниқоблар жамият корхоналари талаблари бўйича етказиб берилмоқда.

Шукуржон Ҳаитматов,
«Ўзбеккўмир» АЖ меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника ҳавфсизлиги бўлими бошлиғи