ЭНГ ЯХШИ ИНВЕСТИЦИЯ БУ ‒ ТАЪЛИМГА ҚИЛИНГАН ИНВЕСТИЦИЯ

«Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти корхоналарида бугунги кунда 6 минг 300 нафардан кўпроқ ишчи-ходим фаолият кўрсаётган бўлса, уларнинг 500 нафардан зиёдроғини олий маълумотли мутахассисарлар ташкил этади. Замонавий кон технологиялари билимларига эга ушбу мутахассислар ишлаб чиқариш жараёнини муваффақиятли бошқаришда бевосита иштирок этиб келмоқда.

Акциядорлик жамиятида кадрларни қайта тайёрлаш йўналишида 2016 йили Россия Федерациясининг Кемерова ҳудудий малака ошириш институтида (РИПК) 120 нафарга яқин ходим кўмир қазиб олиш технологияси бўйича малака ошириб қайтган эди. Улар орасида “Ангрен кўмир кони” филиали бошлиғи Акром Холдибеков, “Шахта усулида кўмир қазиб олиш” филиали бош муҳандиси Жамолиддин Алимкулов, “Ангрен кўмир кони” филиали участка бошлиғи Бахтиёр Турсунов, шу филиал участка бошлиғи ўринбосари Мираббос Муратаев ва бошқа кўплаб етук раҳбар-мутахассислар бор.

Жамият корхоналарида илмга чанқоқ ёшлар ҳам қўллаб-қуватланмоқда. Беш йил ва ундан ортиқ вақт меҳнат қилган ва бугунги кунда Тошкент давлат техника университетининг 4-босқичида таҳсил олаётган 4 нафар, Халқаро МВА даражасини олиш мақсадида Абу Райҳон Беруний номидаги Олий Бизнес мактабида таҳсил олаётган 5 нафар талабанинг ўқув шартнома пуллари тўланиб, сифатли таълим олиши учун зарур шароит яратиб берилган. 16 нафар ходим янги техника ва технологияларни ўзлаштириш учун ХХРдаги Ляонинг университетига бепул ўқитишга юборилган ва улар ҳозирги кунда 3-босқичда таҳсил олишмоқда.

Жамият томонидан Республикамизнинг илғор олий таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклида ўқиш учун тавсиянома берилиб, ўқитилаётган ходимлар сони эса 53 нафарга етди. Меҳнат фаолиятидан ажралмаган ҳолда таълим олаётган бу ходимларга ўқиш вақтида ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда олий ўқув юртида назарий билимларини ўстириш имконияти яратилган.

Айни пайтда корхона ҳисобидан ўқитилаётган ходимларнинг таълим олиш сифати жиддий назоратга олинган. Жамият Бош директори ўринбосари Хамза Абдуллаев чет элдаги талабаларининг ўқиш ва яшаш шароитларини ўрганиш мақсадида 2019 йилнинг 11-14 июнь кунлари Хитой Халқ Республикасига хизмат сафарини амалга ошириб қайтди.