Собиқ қуролдошлар дийдорлашдилар

14 январь – Ватан ҳимоячилари куни

Бундан 31 йил муқаддам, яъни 1989 йилнинг 15 февраль куни собиқ совет иттифоқининг афғон тупроғидаги мақсадсиз миссияси якунига етиб, иттифоқ қўшинлари бу юртдан бутунлай олиб чиқиб кетилган эди. Улар орасида 63 мингдан зиёд ўзбекистонлик, шу жумладан кейинчалик “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида меҳнат қилган ва ҳозир ҳам меҳнат қилаётган 70 нафар байналмилал жангчи ҳам бўлган.

Мамлакатимизда ўша олис жанггоҳларда шаҳид кетган байналмилал жангчилар хотираси ҳамиша ёдга олиниб, мақсадсиз маҳорабадан омон қайтганларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиб келинади.
Жорий йилнинг 10 январь куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси ташаббуси билан ана шундай эҳтиром тадбири ташкил этилди. Жамият корхоналарида меҳнат қилган фахрий ва бугунги кунда ишлаб чиқаришда фаол иштирок этаётган собиқ байналмилал жангчилар Ангрен шаҳридаги “Замин” тантаналар залида ёзилган байрамона тўкин дастурхон атрофидан жой олиб, яна бир бор дийдорлашдилар.

Маълумотларга кўра, 1979-1989 йиллар мобайнида Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатларда Ўзбекистондан 65 минг ҳарбий иштирок этган, улардан 1512 нафари ҳалок бўлиб, 2 ярим мингга яқин аскар ва зобитлар Ватанга ногирон бўлиб қайтган.

Тадбир Афғон тупроғида қолиб кетган ўзбек ўғлонлари хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.

Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Абдуносир Қаюмов тадбирни қисқача кириш сўзи билан очар экан, гапни тинчлик-осойишталик, бунёдкорлик, аҳиллик, бағрикенглик, меҳр-оқибат ҳукм сураётган бу юртда яшаётганимизга шукроналик билан бошлади. Урушнинг даҳшатини унда иштирок этганлар, сиз – байналмилал жанчилар яхши биласиз. Халқимизда тинчлик – энг бебаҳо неъмат деган ибора бежиз айтилмайди, деди жумладан А.Қаюмов.

Ўзбекистон “Veteran” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси Ангрен бўлими раиси Абдухалил Жумабоев тадбирда сўзга чиқди. У Афғонистонда олиб борилган ҳарбий ҳаракатларда Ангрен шаҳридан 700 нафардан зиёд ўғлон иштирок этиб, уларнинг 24 нафари шаҳид бўлгани, бўлим томонидан Ватанга омон қайтганлардан 400 нафарга яқин собиқ байналмилал жангчининг кейинги тақдирига ойдинлик киритилгани, айни пайтда изланишлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлади. “Ўзбеккўмир” АЖ маъмурияти ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан байналмилал жангчиларга кўрсатилаётган эҳтиром учун миннатдорлик билдирди ва қуролдош дўстларини, барчани Ватан ҳимоячилари куни билан муборакбод этди.

Собиқ байналмилал жангчи ‒ “Ангрен кўмир кони” филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Бозорвой Ҳасанов ва бошқалар тадбирда сўзга чиқди.

Таниқли сўз устаси Болтавой Тошматов ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси хонандаси Феруза Қувончбековаларнинг бадиий чиқишлари даврага файз киритди.