“Ўзбеккўмир” АЖ Бош директори Алишер Одиловнинг кўмир саноати корхоналари хотин-қизларига байрам табриги

Ассалому алайкум, муҳтарама опа-сингиллар!

Хостинг картинок yapx.ru

Барчамиз орзиқиб кутган гўзал баҳор кунлари кириб келди, Баҳорий гўзал байрам кунлари сиз, азизлар билан бир аҳил меҳнат жамоасида фаолият юритаётганимдан ғоят мамнунман.

Аввало, Сизни, сизнинг тимсолингизда барча онахонларимиз, опа-сингилларимиз, дилбар қизларимизни ушбу байрам билан чин қалбимдан муборакбод этиб, чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришга ижозат бергайсиз. Сиз мунис ва меҳрибон аёлларимизга энг самимий, энг эзгу тилакларимизни изҳор қилар эканмиз, биринчи навбатда муқаддас ва мўътабар Она сиймосига таъзим қиламиз.

Оила ва жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Чунки сиз билан ҳаётимиз гўзал ва мазмунли, хонадонларимиз обод ва кўркамдир.

Халқаро хотин-қизлар кунини “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти жамоаси турли касб ва лавозимларда самарали меҳнат қилиб, кўмир саноати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган меҳнаткаш аёлларимизга бўлган меҳр-муҳаббатимизни яна бир бор изҳор этиш имконини берадиган айём десак муболаға бўлмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон кўмир саноатини янада ривожлантириш йўлида юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликлар қаторида белгилаб берилган мақсад ва вазифаларга эришишда сиз, азизларнинг беқиёс ҳиссангиз салмоғини эътироф этмай илож йўқ. Бунинг учун сизларга ҳар қанча таҳсин ва тасаннолар айтсак, арзийди.

Айни кунларда акциядорлик жамиятимизда 1 минг 32 нафар хотин-қиз турли вазифа лавозимларда фидокорона меҳнат қилмоқда. Биргина бошқарув аппаратимизнинг ўзида улар салкам тўқсон нафарни ташкил этади. Уларнинг аксарияти масъулиятли лавозимларида, қолаверса, корхонамиз фаолиятининг қайноқ нуқталарида меҳнат қилмоқда.

Жамиятимизда хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиб берилмоқда. Айни пайтда уларнинг касб малакасини ошириш, ўз мутахассисликлари бўйича билимларини юксалтириш учун ғамҳўрликлар кўрсатилмоқда. Келажакда аёл ходимларимиз орасидан ҳам юртимизнинг юксак унвондорлари чиқиши учун биз ҳам ўз ёрдамимизни аямаймиз.

Азиз аёллар, опа-сингиллар!

Кўмир саноати машаққатли меҳнат майдони. Шунга қарамай биз билан бир қаторда туриб меҳнат самарали қилаётганингиз учун Сизга ташаккур!

Барчангизни чинакам баҳорий байрам 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор табриклайман!

Алишер ОДИЛОВ,
“Ўзбеккўмир” АЖ Бош директори