Наврўз айёмимиз муборак бўлсин!

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти Бош директори Алишер Равшанович Одиловнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан кўмир саноати ходимларига табриги

Хостинг картинок yapx.ru

Ҳурматли ҳамкасблар!

Айни тароватли кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам ташриф буюрмоқда. Халқимиз асрлар давомида катта шоду хуррамлик билан нишонлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида белгиланган Наврўз маънавий ҳаётимизнинг кўрки ва зийнатидир. Бу ажойиб, хосиятли байрам барчамизнинг қалбимизга чексиз қувонч ва завқ бағишлайди.

Барчамизга маълумки, Наврўз − янги кун, янги фасл демакдир. Бугун она табиат бағрида янгиланиш ва яшариш фасли бошланмоқда. Жонажон Ўзбекистонимиз, шу жумладан “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг кўп минг кишилик аҳил жамоаси ҳам ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўймоқда. Мана шундай файзли айёмда Сизларни, кўмир саноати барча ходимларини Наврўз байрами билан муборакбод этиб, энг эзгу тилакларимни изҳор қиламан.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар, Ватан равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар барчамизда келажакка умид, меҳнатга янада рағбат уйғотади. Акциядорлик жамиятимизда ҳам халқ хўжалиги эҳтиёжлари учун кўмир маҳсулоти қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш, сифатини янада яхшилаш борасида муҳим тадбирларни амалга оширишга жиддий киришилган.

Ана шундай улкан ва истиқболли ўзгаришлар остонасида турган жамиятимиз тасарруфидаги корхоналарда кечани кеча, кундузни кундуз демай, фидокорона меҳнат қилиш билан бирга, жамоат ишларидаги фаол иштирок этиб келаётганингиз ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Зеро Наврўз ўзининг ўлмас руҳи, умуминсоний ғоялари билан ҳаётимизда чуқур ўрин эгаллаган ва у берган завқ, кўтаринки кайфият сизу бизни эзгу ва олижаноб ишларга тобора руҳлантирмоқда.

Азиз кўмир саноати ходимлари!

Ўлкамизга гўзал Наврўз ташриф буюрмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни халқимиз қалбидан чуқур жой олган, ороланиб кириб келаётган, бунёдкорликка, эзгуликка ундовчи Баҳор байрами билан яна бир бор қизғин табриклайман. Наврўз ҳар бир хонадонга, бутун эл-юртимизга тинчлик-хотиржамлик, бахту саодат, қут-барака олиб келсин!

Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!