“АНГРЕН” КЎМИР КОНИДА

Бу кон Марказий Осиёда ноёб қазилма иншооти. Салкам икки минг кишилик меҳнат жамоаси ҳозирги карантин кунларида ҳам кўмир қазиб олиш суръатини пасайтираётгани йўқ.

Хостинг картинок yapx.ru
Кўмир кони бошлиғи Акром Холдибеков (ўнгдан учинчи) мутахассислар билан иш жараёни боришини кўздан кечирмоқда

Ушбу кон “Ўзбеккўмир” АЖ тасарруфидаги мавжуд учта коннинг энг йириги. Икки тоғ оралиғида, мураккаб геологик шароитда жойлашган кон ҳавзасини узоқдан томоша қилишнинг ўзи мароқли. Ҳа, одамзод ҳар нега қодир. Тоғни қўпориб, уни бир жойдан иккинчи жойга кўчириб, остидан кўмир қазиб олиш чакана иш эмас.
Конга сафар қилдик. Навбатчи “УАЗ” бизни ички тош йўлдан бир зумда кўмир ҳавзасининг энг тубида ишлаётган кончилар олдига тушириб қўйди. Бир неча кун аввал ёмғир ёққани учунми, ҳаво мусаффо, конда чанг-ғубор йўқ. Икки юз эллик мертча чуқурликда ҳам ўзингизни ҳудди тоғ бағрида юргандай ҳис қиласиз.
Ҳамроҳимиз − кон бошлиғи Акром Холдибеков йўл-йўлакай сўзлаб бормоқда: кўмир ҳавзаси 1948 йилда қуриб ишга туширилган. Ер қаъридаги ёқилғини олиш учун унинг устидаги тоғ жинслари экскаватор ёрдамида кўчириб, темир йўл, конвеер ва автомобиль транспорти орқали ички ва ташқи ағдармага тўкилади. Кўмир ҳавзасининг узунлиги тахминан 4, кенглиги 3,5 километр, чуқурлиги 250-300 метргача боради.
Кўмир қазиётган улкан экаскаваторга яқинлашамиз. Кон бошлиғи бизга пешвоз чиққан новча бўйли кончини таништирди: 2-бўлим бошлиғи Абдушукур Ҳунаров.

Хостинг картинок yapx.ru
2-бўлим бошлиғи Абдушукур Ҳунаров (чапда) 24-экскаватор машинисти Сирожиддин Жамолиддинов билан.

Абдушукур Ҳунаровни суҳбатга тортдик.
− Жамоамизда 100 нафардан кўпроқ кончи бор. Икки сменада ишлаймиз. Ҳар сменада 3-3,5 минг тоннагача қаттиқ ёқилғи қазиб олинмоқда. Март ойи режасини юз фоиз адо этдик. Апрель ойи кўрсаткичлари ҳам ёмон эмас, − дейди А.Ҳунаров.
Абдушукур билан яқиндан танишиб олдик. У 1987 йилда Ангрен шаҳрида туғилган, 2011 йилда Тошкент Давлат техника университетини тугатган, меҳнат фаолиятини кон усталигидан бошлаган. Мана, икки йилдирки, зарбдор бўлимлардан бирини бошқариб келмоқда.
“Ҳали кўпми?” кўмир қатламларига ишора қилиб сўраймиз Абдушукурдан. − “Кўп. Фақат устки қатламини очиш керак. Ҳамма гап ана шунда!” дейди у.
Маълумотлар бўйича Ўзбекистон кўмирнинг 1 млрд. 832,8 млн. тонна саноат заҳираларига эга. Ушбу заҳиранинг 1 млрд. 786,5 млн. тоннаси қўнғир кўмирдир. Бу кўмирнинг асосий қисми мана шу “Ангрен” кўмир ҳавзасидан қазиб олинмоқда. Иш ҳозирги суръатда борса, бу заҳира бир неча юз йилга бемалол етади. Айни пайтда кўмир ҳавзасидан истеъмолчиларга йилига ўртача 3,5 миллион тонна “қора олтин” етказиб берилмоқда.
Забой тагида кўмирни “БелАЗ”га юклаб бўлиб ҳайбати уч қаватли уйдай экскаваторнинг йиғма зинасидан машинист тушиб келди. Танишдик: Жамолиддин Сирожиддинов! Кондаги меҳнат стажи ўттиз йил. Бу чакана стаж эмас.
− Шу экскаватор рулига 1994 йилда ўтирганман. Ёрдамчим Фозилжон Абдураҳмонов билан биргаликда авайлаб бошқариб келаяпмиз, − дейди экскаватор машинисти Жамолиддин Сирожиддинов.
Машинист ўз экскаватори ҳақида сўзлаб берди. “10 м3 ЭШ” русумли ушбу кон техникасининг имкониятлари ҳайратли: кўмирни турган жойида ўттиз метргача чуқурликдан қазиб, яна шунча баланддаги уловга юклаб бера олади. Улкан ковушига бир дейишда 10 тоннагача кўмир тўлдиради. Ўн икки ковуш юкласа, “БелАЗ” юкхонаси тўлади. Даровоқе, энг олди “БелАЗ”ларнинг қуввати 135 тонна. Бу икки вагондан кўп кўмир дегани. Ўтган йили конга Белорусь Республикасидан 15 та ана шундай серунум оғир кон техникаси келтирилган. Акром Холдибековнинг таъкидлашича, шу янги “БелАЗ”лар шарофати билан кон очиш ва қазиш ишларига барака кирган.
Сал нарида ишлаётган “ЭКГ 5у” русумли 72-экскаватор машинисти Назир Ашурматов билан ҳам суҳбатлашдик.

Хостинг картинок yapx.ru
72-экаскаватор машинисти Назир Ашурматов (чапдан) ёрдамчиси Олим Алиев.билан.

− “Бугунги карантин шароитида қийналмаяпсизми?
− “Йўқ. Унчалик эмас!”
Кончи кун бўйи тиббий ниқобда юрибди, экскаваторини ҳам тез-тез дезинфекция қилмоқда. Уйдан ишга, ишдан тўғри уйга боради. Бозор-ўчар қилиш, шаҳар айланиш, ҳатто меҳмондорчиликка бориш ҳам йўқ. Бари чекланган. Карантин шароитида кучайтирилган тартиб шунақа. Энг ёмони, вирус юқиб қолмасмикан, деган ҳавотир мунтазам тақиб этиб туради. Машинист буларни айтмади, айтмайдиям. Аммо ниқобли юзидан, гап-сўзларидан буни сезиш қийин эмас: “Кўпга келган тўй ахир. Сабр қиламиз. Қийинчиликларни билдирмай енгамиз”.
Участка бошлиғи Абдушукур Ҳунаров кўмагида 89-экскаватор машинисти Дилшод Маҳкамов, 70-экскаватор, машинисти Одилжон Қўшматовларнинг иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишдик. Улар бугунги куннинг чинакам қаҳрамонлари. Карантин шароитида халқ хўжалиги таъминотдан узилмасин деб, жонини жабборга бериб ишлашаяпти, электр станциялари кўмир таъминотида узилиш бўлмаслиги учун бор маҳоратларини ишга солмоқдалар.
Кўмир ҳавзасида бугунги кунда ўнлаб кон экскаваторлари ишлаб турибди. Кон бошлиғи Акром Холдибековнинг айтишича, уларнинг сони 42 та. Ушбу кон техникаларининг унум билан ишлаши эса кўмир саноати заҳматкашлари бўлган экаскавтор машинистлари касб маҳоратию фидойилигига жуда-жуда боғлиқ.

Хостинг картинок yapx.ru
Кўмир йўналиши бошлиғи Суннат Маҳкамов (ўнгдан) 89-экскаватор машинисти Дилшод Маҳкамов ва 2-бўлим бошлиғи Абдушукур Ҳунаров.

Кўмир ҳавзасига сафар якунланди. Навбатчи “УАЗ”да юқорига осонгина чиқиб олдик. Ҳайдовчи Комил Ҳазратқулов ҳам қадрдонлардай бўлиб қолди. Хизмат автоулови ҳайдаса ҳам кўмир сохасини кончилардан кам билмайди. Ахир ўн бир йилдан буён улар орасида.

Неъмат Душаев,
“Ўзбеккўмир” АЖ Матбуот хизмати