“Коинот” оромгоҳи мавсумга ҳозирланмоқда

Жазирама ёз кунлари табиат қўйнидаги сўлим орогоҳда мириқиб ҳордиқ чиқаришга не етсин! “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти тасаруфидаги “Коинот” ёзги оромгоҳи кўмир саноати ходимлари фарзандлари учун ана шундай имконият тақдим эта оладиган хушҳаво масканлардан бири.

Ҳар мавсумда юзлаб ўқувчи ёшларни ўз бағига оладиган ушбу оромгоҳда бу гал карантин муносабати билан режалар бироз ўзгарди. Шунга қарамай акциядорлик жамияти ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан соғломлаштириш масканида айни кунларда янги мавсумга тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Куни кеча, биз оромгоҳда бўлиб, жараён билан яқиндан танишдик. Оромгоҳ ҳақиқатдан сўлим масканда жойлашган. Бир томони пурвиқор тоғ, бир томони тубсиз унгир, оромгоҳ пойида мовий кўл ястаниб ётибди.

Ичкри қадам босар эканмиз, бу ерда қурувчи -таъмирловчилар, оромгоҳ ходимларининг қўли-қўлига тегмай жўшқин меҳнат қилаётганига гувоҳ бўлдик. Мақсад – масканни мавсумга пухта тайёрлаш. Оромгоҳ ҳадемай ўқувчи ёшларни қабул қилади.

“Коинот” 300 ўринга мўлжалланган. Пандемия муносабати билан у жорий мавсумда бир марта, 150 нафаргача ўқувчи қабул қилади. Улар ўн гуруҳга жамланган ҳола дам олади. Жараёнда санитария-гигиения талабларига тўлалигича амал қилиш учун қўшимча сув қувурлари ётқизилиб, ҳар бир бинога қўл ювиш учун шароитлар яратилмоқда.

Оромгоҳда карантин талаблари ўта муҳим. Шунга мувофиқ ҳар бир ётоқхонада ётоқлар ораси 1,5 метр оралиқда жойлаштирилмоқда. Қўшимча кийим жавонлари ҳам келтирилган. Ошхона, чўмилиш ҳавзаси ва унга ёндош бўлган бинолар таъмирдан чиқарилиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Бу ишларга жамият филиалларидан ишчи кучи сафарбар қилинган.

Оромгоҳдан қайтар эканмиз, тез кунларда ушбу маскан яна болажонларнинг шодон қийқириғига тўлишини кўз олдимизга келтириб, ўзимиз ҳам бола каби ширин энтикиб қўйдик.

Абдунодир Носиров

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru