Кончи ёшлар муносиб тақдирланди

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида “Ёшлар ойлиги” тадбирлари доирасида кўмир саноати корхоналарида фаол иш олиб бораётган кончи ёшлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Бугунги кунда мамлакатимиз ёшларига эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилган, 30 июнда эса Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи уч ёшга тўлмоқда. Ушбу сана Ёшлар куни сифатида кенг байрам қилиниши анъанага айланди. Жамият Ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши раиси Даврон Абдураҳмонов давра суҳбатини бошлаб берар экан, бу ҳақда алоҳида таъкидлаб ўтди.

Хостинг картинок yapx.ru

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти корхоналарида бугунги кунда 2 минг 100 нафардан кўпроқ йигит-қиз меҳнат қилмоқда. Кейинги йилларда уларнинг фаоллиги ошди. Нафақат ишлаб чиқариш, балки жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ўзларини кўрсатишга интилмоқда.

Таъкидландики, бугун бутун дунёда пандемия вазияти ҳукмрон. Бундай пайтда аксарият ёшлар ўқиш ва иш фаолиятини кўпроқ масофадан туриб олиб боришига тўғри келади. Яъни, интернетдан янада кенгроқ фойдалана бошлади. Интернет жуда катта қулайлик яратади. Шу билан бирга унинг хавфли томонлари ҳам кўп. Хусусан, турли ахборот ҳуружларига дуч келиш эҳтимоли катта. Давра суҳбатида сўз олган Ангрен шаҳар ИИБ терроризм ва диний экстремизимга карши курашиш бўлими вакили, лейтенант Адҳам Азимжонов шу ҳақида сўзлаб берди. Бугунги кунда дунёдаги вазият, ислом ниқоби остидаги террорчилик ташкилотлари олиб бораётган хунрезликлар хусусида фикр юритар экан, ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланиш, билиб-билмай бузғунчи сайтлар томонидан тарқатилаётган ёт ғояларга берилиб кетмаслик лозимлигини уқтириб ўтди. Бу борада террорчилик ва унинг даҳшатли оқибатлари ҳақида намойиш этилган фильм барчани яна бир бор огоҳликка чорлади.

Давра суҳбатида Жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси вакили Анорбой Султонов, Ёшлар иттифоқи Ангрен шаҳар кенгаши раиси Ирода Ҳайитқулова ва бошқалар мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтдилар. Иштирокчи ёшлар эса улардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Кўмир саноати тизимида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ кончи ёшлар Жамият маъмурияти томонидан Ташаккурнома билан тақдирланди ва пул мукофотлари билан рағбатлантирилди.

Давра суҳбати “Ўзбеккўмир” АЖ ёшларининг қайноқ меҳнат жараёнига бағишланган видеоролик намойиши билан якунланди.

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru