Бухоро вилояти аҳолиси кўмир маҳсулоти билан тўлиқ таъминланади

“Кўмиртаъминот” МЧЖ Бухоро вилояти филиали ишчи хизматчилари бунинг учун мавжуд барча имкониятларини ишга солмоқда ва ҳудудда қиш мавсумида кўмир билан иситилувчи хонадонларга етарли миқдорда ва сифатли кўмир етказиб беришнинг барча чораларини кўриб келмоқда.

Прогноз кўрсаткичлари бўйича жорий иситиш мавсумида Бухоро вилоятига 40 минг 10 тонна кўмир ва кўмир брикетлари керак. Шунинг 10 минг 20 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжларини ташкил этади. Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар, поликлиникалар ва бошқа муассасалар қаттиқ ёқилғи билан таъминланди.

Вилоят аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжи − 29 минг 990 тонна. Октябрь ойи охирида Бухоро вилоятидаги «Кўмиртаъминот» МЧЖ филиали омборларида 18 минг 302,7 тонна (61 фоиз) кўмир маҳсулотлари қолдиғи мавжуд бўлиб, ҳозирда қаттиқ ёқилғи тарқатиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Аҳолига Ангрен қўнғир кўмири ва маҳаллий хом ашёдан олинадиган кўмир брикетлари, шунингдек, импорт қилинадиган кўмир маҳсулоти (4 минг 523 тонна) таклиф этилмоқда.

Ҳозирги кунда аҳоли 6 минг 134,1 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотлари сотиб олган бўлиб, уларнинг 17 фоизи ёки 1 минг 13,4 тоннаси чет элдан келтирилган қаттиқ ёқилғидир. Вилоят кўмир омборларида аҳолига мўлжалланган қаттиқ ёқилғи захираси 12168,7 тоннани ташкил этади. Аҳоли талабини тўлиқ қондириш учун яқин келажакда вилоятга яна бир неча кўмир партиялари етказиб берилади.

Вилоят аҳолисига кўмирни ўз хонадонига етказиб олиши учун ҳам зарур шароитлар яратилган. Истаганлар кўмир омборлари яқинида уларни кутиб турган автотранспорт воситаларидан фойдаланишлари мумкин. Бунда транспорт ҳаражати сотиб олинган кўмир маҳсулоти таннархига қўшилмайди.

Агар сиз уйингизга 1 тонна кўмир олиб келсангиз, етказиб бериш нархи қуйидаги ставка бўйича ҳисобланади: 1 км = 900 сўм.

Минтақамизнинг чекка ва бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган қишлоқлар (овуллар) аҳолисига ҳам қўшимча қулайликлар яратиб берилмоқда. Хусусан, Ғиждувон туманидаги Оғитма, Шофиркон туманидаги Чуррук, Пешку туманидаги Жонгелди ва Калота овулларида, Ромитан туманидаги Қизилравот ва Гугуртли қишлоқларида кўмир ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ушбу ҳудудлар аҳолиси ўзларига яқин ана шу жойлардан кўмир сотиб олишлари мумкин.

Маълумот учун, бир тонна кўмир нархи:

«БР» маркали “Ангрен” кўмири (1 тн) − 300 минг 300 сўм;
Кўмир брикетлари − 412 минг 500 сўм;
Импорт қилинган кўмир − 780 минг сўм.

Улуғбек Козимов,
“Кўмиртаъминот” МЧЖ Бухоро филиали раҳбари