Газета мутолаасига эътибор

Аҳолини мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим янгиликлар, ислоҳотлар жараёни билан яқиндан таништириб боришда матбуот ишончли ахборот манбаасиҳисобланади. Бинобарин, босма нашрлар одамларни чалғитувчи, исбот-далилсиз, шов-шувли фейк хабарлар тарқатишдан анча йироқ, вазмин карвондир. Газета мутолааси айни пайтда одамни мулоҳазакорликка, сабрга ҳам ўргатади.

Фақат бугун газета ва журналларга муносабатни бутунлай ўзгартириш лозим. Уларга фақат эрмак, кўнгилочар бир восита деб қарамаслик, ҳудди ақлий меҳнатга киришгандай қутнт билан мутолаага берилмоқ керак бўлади.

“Ўзбеккўмир” АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг навбатдаги аппарат йиғилишида қўмита раиси Абдуносир Қаюмов уюшма фаоллари эътиборини ана шу масалага тортди. Филиалларда мутолаа маданиятини шакллантириш, ишчи-ходимларни мамлакатимиз ҳаётида рўй бераётган воқеа ва янгиликлар билан энг ишончли манбаалар орқали таништириб боришда матбуотнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

Тадбирда иштирок этган “Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев йиғилганларга янги ташкил этилган ушбу хизматнинг мақсад ва вазифалари хусусида маълумот берди. Кўмир саноати корхоналари фаолиятини кенг тарғиб қилиш, жамият имиджини шакллантириш, бу борада омммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар билан барчани таништирди.

Бугунги кунда “Ўзбеккўмир” АЖнинг интернетдаги uzbekcoal.uz веб сайти, телеграммдаги @uzbekkumir_uz расмий канали фаол юритилмоқда ва улар саҳфаларида кўмир саноати корхоналари фаолиятига оид долзарб мавзулардаги ахборотлар мунтазам жойлаштириб борилмоқда.

Айни пайтда “Ўзбеккўмир” соҳавий газетаси қайта ташкил этилиб, ойига икки марта нашр қилинмоқда.
Жамият ишчи-ходимларига “Янги Ўзбекистон, “Халқ сўзи”, “Нородное слово”, “Правда Востока”, “Улуғ йўл”, “Тошкент ҳақиқати”, “Ташкентская правда”, “Солиқ ва божхона хабарлари” сингари марказий ва маҳаллий вақтли матбуот нашрлари билан танишиб бориш имконияти ҳам яратилган.

Йиғилишда жамиятда ходимларни ишончли ахборот билан таъминлаш, 2021 йил учун обуна мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этишда ихтиёрийлик тамойилига қатъий амал қилиш бўйича зарур тавсиялар берилди.