Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида аҳолига куз-қиш мавсуми учун кўмир берилмаётгани ҳақида хабарлар тарқалди

«Шаҳримиздан кўмир қазиб олиниши маълум. Якка тартибдаги хонадонларга газ кирмаган, қишни кўмир билан ўтказамиз. Лекин шу кунга қадар кўмир тарқатилмаяпти. Ҳолбуки, олдинги йиллари шу вақтда Ангрен аҳолиси учун кўмир тарқатилиб бўлган эди. Қишни қандай ўтказамиз? Кексалари, чақалоқлари ёки ногирони бор оилалар нима қилади? Кўмир қазиб олинаётган Ангрен аҳолиси кўмирсиз қоладими? “Ўзбеккўмир” АЖ тезроқ тарқатишини талаб қиламиз”, дейилади муаллифи келтирилмаган мурожаатда.

Ушбу хабардаги маълумотлар «Ўзбеккўмир» АЖ Ахборот хизмати томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагича маълум қилинади.

Бугунги кунда «Кўмир таъминот» МЧЖ ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги филиаллари ташкил этилган бўлиб, аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир ва кўмир брикети билан таъминлаш тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан Тошкент вилояти аҳолиси эҳтиёжлари учун мавсум бошидан буён 21 минг 169 тонна кўмир етказиб берилди. «Кўмиртаъминот» МЧЖ вилоят филиалига қарашли мавжуд омборлар орқали аҳолига сотилган кўмир 9 ноябрь ҳолатига 16 минг 387,5 тоннани ташкил этган.

«Кўмир таъминот» МЧЖнинг Тошкент вилояти филиалига қарашли Ангрендаги омборида аҳолига қаттиқ ёқилғи тарқатиш ишлари қатъий график асосида олиб борилмоқда. Айни пайтда бу ерга кунига 550-600 тонна кўмир келтирилмоқда ва рўйхат асосида ўртача 200 хонадонга, 3 тоннадан тарқатилаяпди.

Жумладан, кеча, дам олиш куни бўлишига қарамай 271 тонна кўмир тарқатилди. Бугун, 9 ноябрь куни аҳоли эҳтиёжлари учун 471 тонна кўмир қабул қилиб олинди.

Маълумот учун, жорий куз-қиш мавсумида Ангрен кўмир омборидан ушбу шаҳар аҳолисига 18 минг 175 хонадонга кўмир тарқатилади. Шунингдек, Оҳангарон туманидан бириктирилган 1 минг 714 хонадонни қаттиқ ёқилғи билан таъминлаш режалаштирилган.

Ангрен шаҳрида кўмирга эҳтиёжманд аҳоли вакиллари қишга кўмир олиш учун ўзлари яшаб турган ҳуддудий маҳалла фуқарорлар йиғинлари орқали «Кўмир таъминот» МЧЖнинг Ангрендаги омборига мурожаат қилиши лозим. Улар маҳаллалар кесимида ва график асосида навбат бўйича кўмир билан таъминланади.

Ангрен кўмир омбори иш тартиби

Иш кунлари: душанба – шанба.
Иш вақти: 08:00-18:00.
Тушлик танаффус: 12:00-13:00.
Дам олиш куни – якшанба.