Асака туманидаги кўмир омборларидан биридан тасвирга олиб тарқатилган видео бўйича расмий баёнот

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Андижон вилоятининг Асака туманидаги кўмир омборларидан бирида маҳсулот сотиб олиш учун навбатда турган фуқароларнинг норозилик кайфиятини акс эттирган видео ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, ушбу видео жорий йилнинг 10 ноябрь куни «Кўмир таъминот» МЧЖ Андижон филиалига қарашли Андижон (марказий) омборининг Ахтачи пунктида ёзиб олинган.

«Кўмир таъминот» МЧЖ Андижон вилояти филиали маъмурияти берган маълумотларга кўра, Андижон омбори 10 ноябрь куни «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан юборилган 621 тонна кўмирни қабул қилиб олган. Маҳсулотнинг 621 тоннаси Андижон, Булоқбоши, Олтинкўл, Асака, Балиқчи, Шахрихон, Марҳамат туманлари ҳамда Андижон шаҳри аҳолисига тарқатилган ва 5 тоннаси ортиб қолган.

Амалдаги тартибга кўра маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари кўмир маҳсулотини аҳоли ўртасида ортиқча оворагарчиликсиз, тартибли равишда тарқатишга масъул ҳисобланади. Амалда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (вакиллари) кўмирни вагондан тушириб-юклашга сарфланадиган вақтни эътиборга олмаган. Шунингдек, Андижон омборига бириктирилмаган бошқа туман фуқаролари ҳам шу ерда тўпланган. Бу ҳол омбор олдида сунъий навбат пайдо бўлиши ва ўзаро тушунмовчиликларга сабаб бўлган.

Андижон вилояти аҳолиси 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсуми учун 281 минг 273 тонна кўмир ва кўмир брикетларига эҳтиёж сезади. “Кўмир таъминот” МЧЖ вилоят филиали томонидан ҳудуд аҳолисига 17 ноябрь ҳолатига кўра 173 минг 870 тонна ёки 61,8 фоиз маҳсулот тарқатилган. Ҳозирда вилоят омборларида 31 минг 322 тонна маҳаллий (Ангрен), 17 минг 424 тонна импорт (Қозоғистон) кўмири мавжуд.

Мавжуд уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш тадбирлари доирасида Андижон вилояти аҳолисига яна 107 минг 403 тонна кўмирни жорий йилнинг охиригача етказиб бериш режалаштирилган.

Маҳаллий кўмир республикамиз аҳолисига арзонлаштирилган қатъий нарҳларда ва чекланган миқдорда сотилмоқда. Шуни ҳисобга олиб, жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларига «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан етказиб берилаётган қаттиқ ёқилғини аҳоли ўртасида тарқатишда кўмирга эҳтиёжманд хонадонлар рўйхати ва маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган графикка амал қилишлари тавсия этилади.

“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати