Ишончли бошқарувчи – «Central Asia Energy» масъулияти чекланган жамиятининг янги йил табриги

Ҳурматли ёқилғи-энергетика соҳаси ходимлари, азиз ҳамкасблар!

«Central Asia Energy» масъулияти чекланган жамияти Сизни ва оила аъзоларингизни кириб келган Янги – 2021 йил билан табриклаб, эзгу тилакларини изҳор этади.

Хабарингиз бор, “Ўзбеккўмир” АЖ бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, “Ангрен ИЭС” АЖ, “Янги Ангрен ИЭС” АЖ ва “Ўзбеккўмир” АЖни якуний маҳсулот – электр ва иссиқлик энергияси ҳамда аҳоли ва бюджет ташкилотлари эҳтиёжлари учун кўмир маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган ягона комплекс барпо этилган эди.

Корпоратив менежментнинг жорий этилган ушбу янги модели ўтган давр мобайнида ҳудудий ёқилғи-энергетика тизимида ижобий ўзгаришларга олиб келмоқда. Хусусан, пандемия шароитига қарамай “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти конларида кўмир устки қатламини очиш ва кўмир қазиб олиш ҳажмлари ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан сезиларли даражада ошди, бюджет ташкилотлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун маҳаллий кўмир етказиб бериш бўйича тасдиқланган режалар ўз вақтида ва ортиғи билан адо этилди.

Айни пайтда ходимлар моддий манфаатдорлигини ошириш, хусусан, ойлик маошларни ўз вақтида тўлаш бўйича барча зарур тадбирларни амалга ошириш имконияти кенгайди.

Йил давомида, сиз кўмир саноати ходимлари чинакамига фидойилик кўрсатиб меҳнат қилдингиз ва бу ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Шу ўринда мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Президент фармонига кўра «Ангрен кўмир кони» филиали тоғ-кон участкаси экскаватор машинисти Абдунаби Хатамовнинг “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани Ангрен кончиларининг машаққатли меҳнатига берилган юксак баҳодир.

Келгуси йилда янада улкан вазифаларни режалаштириб турибмиз. Бу осон бўлмайди албатта. Аммо олдимизга қўйган эзгу мақсадлар қанчалик машаққатли бўлса, унинг самараси шунчалик юқори бўлади.

Фурсатдан фойдаланиб, Сиз азизларни янги йил байрами билан яна бир бор табриклаймиз. Оилангизга бахт, машаққатли, аммо шарафли ишларингизда ҳамиша омад ёр бўлсин.

Янги йилингиз муборак бўлсин!