Талаб қатъий: кўмир эҳтиёжи қондирилади

Кунлар кескин совиб, республикамиз бўйича энергия ресурслари, хусусан кўмир ёқилғисига талаб ошиб кетди.

Ана шу талабни қондириш мақсадида «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти «Кўмир таъминот» масъулияти чекланган жамияти буюртмасига кўра кунига ўртача 5-6 минг тонна кўмирни аҳоли эҳтиёжлари учун етказиб бермоқда.

«Кўмир таъминот» МЧЖдан олинган маълумотларга кўра, ҳудудлардаги мавжуд 92 кўмир омборида 7 январь ҳолатига 130 минг тонна ёқилғи заҳираси бор. Айни пайтда аҳолига кўмир тарқатиш қизғин давом этмоқда.

“Кўмир таъминот” МЧЖ Қашқадарё филиалининг Темур Ҳакимов раҳбарлик қилиб келаётган Шаҳрисабз кўмир омбори жамоаси Шаҳрисабз, Китоб туманлари, Шаҳрисабз шаҳар аҳолиси ва ижтимоий соҳа муассасаларига қиш мавсумида 13 минг 167 тонна кўмир етказиб бермоқда.

Шаҳрисабз ва Китоб туманининг тоғли Ғелон, Қабзахона қишлоқлари аҳолиси ва мактаблари, мактабгача таълим ташкилоти ва тиббиёт бирлашмасига бир кунда 100 тоннадан зиёд кўмир етказиб берилди.