“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати раҳбарининг баёноти

Аҳолини электр энергияси, газ ва кўмир ёқилғиси билан тўла ва узлуксиз таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасига айлаган.

“Ўзбеккўмир” АЖда бу борадаги талаб ва эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда энг аввало ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга эътибор қаратилмоқда. Натижада ноқулай об-ҳаво шароитига қарамай, мавжуд конлардан ҳар қачонгидан кўп кўмир қазиб олинмоқда. Шу тариқа йилнинг дастлабки етти кунига белгиланган режа 58 минг 935 тонна ўрнига 64 минг 386 тоннага бажарилди.

Тайёр маҳсулотнинг асосий қисми аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтирилмоқда. “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли мавжуд 92 та ҳудудий кўмир омборларига йил бошидан буён 6 минг 774 тона ўрнига 34 минг 567 тонна йқилғи етказиб берилди ёки бу борадаги режа 510,3, фоизга адо этилди.

Кунлар кескин совиб кетиши ортидан кузатилаётган энергия танқислигини тезкор бартараф этиш юзасидан ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларга мувофиқ Ангрен конларидан қазиб олинаётган кўмир асосан республикамизнинг кўмирга эҳтиёж юқори бўлган олис ҳудудлари, айниқса тоғ қишлоқлари аҳолиси учун юкланмоқда.

Афсуски, ижтимоий тармоқларда кўмир саноати заҳматкашларининг юқоридаги қайд этилган эзгу ишларига соя солувчи асоссиз маълумотлар тарқатилиши кузатилмоқда. Ушбу хабарларда кўмир омборларида заҳира йўқлиги, кўмир қиммат сотилаётгани важ сифатида келтирилади.

Шу ўринда таъкидлаш керак, аҳолига икки хил – маҳаллий ва импорт кўмир таклиф этилган. Маҳаллий кўмир арзонлаштирилган ва қатъий белгиланган нарҳда, импорт кўмир эркин нарҳда сотилмоқда. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, нисбатан қиммматлиги учун аҳолида импорт кўмирга талаб кам. Аксинча, маҳаллий кўмирга эҳтиёж юқори. “Ўзбеккўмир” АЖ ана шу талаб-эҳтиёжларни инобатга олиб, маҳаллий кўмир етказиб беришни кўпайтирмоқда. Айни кунларда республика ҳудудларидаги “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли кўмир омборларида 130 минг тонна заҳира мавжуд.

Уйи қишда кўмир билан иситиладиган хонадон эгалари қаттиқ ёқилғига эҳтиёж сезса, истиқомат ҳудудидаги энг яқин кўмир омборига мурожаат қилиши мумкин.

Маълумот учун,маҳаллий кўмир нархи:

«БР» маркали “Ангрен” кўмири (1 тн) − 300 минг 300 сўм;
Кўмир брикетлари (1 тн) − 412 минг 500 сўм.