Шахта усулининг афзаллиги нимада?

“Ўзбеккўмир” АЖ “Шахта усулида кўмир қазиб олиш” филиали меҳнат жамоаси 2020 йилда халқ хўжалиги учун режадаги 54 минг тонна ўрнига 63,9 минг тонна “қора олтин”етказиб берди. Умуман, Ангрен шахтёрлари кўмир қазиб олиш йиллик режа-топшириқларни ҳамиша ортиғи билан адо этишга одатланишган. Бунга қандай эришилмоқда?

Хостинг картинок yapx.ru

− Бунинг заминида меҳнат, меҳнат бўлганида ҳам фидокорона меҳнат, касбга муҳаббат ётади, − дейди филиал бошлиғи Жаҳонгир Муталипов. − Кончиларимизга раҳмат, улар барча ички имкониятлорни ишга солишмоқда.

Шахтада кўп ишлар қўл кучи ва унча катта бўлмаган машина механизмларда бажарилади. Мавжуд техникалар, тўғриси, анча эскирган. Шунга қарамай уларни таъмирлаб, бутлаб самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. Шу асно, усталаримдан чиқаётган кутилмаган фойдали ихтиролар, ғоялар яхши иш бераяпти. Хуллас, жамоамизда ҳақиқий шахтёрлар меҳнат қилади. Улар ўз билими ва тажрибаси, фидойилиги билан бундан саксон йиллар аввал ишга туширилган конимизда ишлаб кетган кончи оталаримизнинг ўлмас анъаналарини изчил давом эттиришмоқда.

Конимизда тўрт асосий кўрсаткичимиз бор: проходка, кўмир қазиб олиш, маҳсулот етказиб бериш ва таъмир. Азамат шахтёрларимизнинг сидқидил меҳнати туфайли ушбу кўрсаткичларнинг барчаси ортиғи билан бажарилди. Айни пайтда “Ўзбеккўмир” АЖ раҳбариятига ҳам жамоамиз номидан миннатдорлик билдирмоқчиман. Пандемия шароитида жуда қийин бўлди. Фақат биз эмас, барча ишлаб чиқариш корхоналари қийналди. Шунга қарамай, Жамият томонидан зарур эҳтиёт ва бутловчи қисмлар, хусусан мутаҳкамловчи қурилиш материлалари етказиб берилди. Шу билан бирга жамоамиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Мана, узоқ вақтдан буён ишламай қолган ишчи ошхонамиз ҳам таъмирлаб ишга туширилмоқда. Бундан қулайликлар шахтёрлар кайфиятини кўтаради.

Ўтган йили футбол жамоамиз тизимдаги корхоналар бўйича ўтказилган мусобақаларда шарафли биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳам кончиларимизни руҳлантириб юборди.

− Ушбу шахта энг тўнғич кўмир конларидан бири, тўғрими?

− Конимиз Иккинчи жаҳон уруши йилларида, яъни 1942 йилда қуриб ишга туширилган. У пайтларда бир неча кўмир шахталари очилган эди. Бугунги кунда фақат бизнинг шахтамиз фаолиятини давом эттирмоқда ва кўмир етказиб бермоқда.

− Ўтган 80 йил давомида ушбу кондан йилига 1 млн. тоннагача «қора олтин» қазиб олинган пайтлар бўлган экан. Ҳозир ҳам заҳиралар етарлими?

− Заҳиралар, тўғриси, тугаяпти. Аммо истиқболли лойиҳалар мавжуд. Айни кунларда Нишбош ҳудудида кўмирни шахта усулида қазиб олиш бўйича лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа ишлаб чиқаришга татбиқ этилса, йилига ўртача 2,5-4 млн. тонна кўмирни шахта усулида қазиб олиш мумкин бўлади.

− Кўмир қазиб олишда шахта усулининг афзалликлари нималардан иборат деб ҳисоблайсиз?

−  Кўмирни шахта усулида олиш – сермашаққат, серҳаражат иш. Шахтада, очиқ конларга қараганда ишчи кучи нисбатан кўп талаб этилади. Аммо шунга яраша, қатор афзалликлари бор. Масалан, ер ости конида об-ҳавонинг фарқи йўқ, қишда ҳам ёзда ҳам ҳарорат − бир хил. Очиқ конларда қор ё ёмғир ёғиб қолса, бу ишлаб чиқаришга жиддий таъсир кўрсатади. Бизда ундай эмас.

Шахтада улкан машина-механизмлар йўқ. Бинобарин, атроф-муҳитга ўта зарарли газ чиқарувчи ёнилғи-мойлаш материлларидан деярли фойдаланилмайди. Асосан электр энергияси ишлатилади. Энг асосийси бу ҳам эмас. Энг асосийси, кўмир қазиб олишдан экологияга деярли зарар етмайди. Яъни кўмирни очиқ усулда қазиб олиш жараёнидагидек, катта-катта майдонлар тоғ жинслари билан тўлдириб ташланмайди. Аксинча, керак жойлар қазилади ва нисбатан тоза кўмир олинади. Кейинчалик бу бўшлиқ табиий равишда тўлиб кетади ва табиатга айтарли зарари бўлмайди.

− Жорий йил режалари ҳақида сўзлаб берсангиз…

− Конимизда бу йил 54 минг тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган. Суткасига 145 тонна маҳсулот беришимиз керак. Дастлабки ойдаги кўрсаткичлар ёмон эмас – 160-170 тонна. Ўтган 25 кун давомида 4,3 тоннага яқин “қора олтин” қазиб олинди.