2021 йил: янги марралар, якдил қадамлар

Айни кунларда Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида “2021 йил: янги марралар, якдил қадамлар” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти корхоналарида ҳам Мурожаатномани ўрганишга бағишланган давра суҳбатлари кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда. Жумладан, 20 январь куни “Қурилиш-монтаж ишлари” филиалида бошланган ушбу тадбирлар 27 январь куни “Ангрен кўмир кони” филиали марказий диспетчерлик пунтида давом эттирилди. Жамият маъмурияти ва Бирлашган касаба уюшма қўмитаси таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ҳамда Республика маънавият ва маърифат тарғибот марказининг Тошкент вилояти бўйича тарғиботчиси Шуҳрат Насимов иштирокида уюштирилган мазкур тадбирда Мурожаатномада илгари сурилган ғоя ва йўналишлар ҳақида маълумот берилди.

Сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков суҳбат аввалида Мурожаатнома институтининг тарихи ҳақида қисқача тўхталиб ўтди. Президентнинг Парламентга мурожаати институти қадимий тарихий анъаналарга эга. Бу институт илк бор Англия Парламентида вужудга келган, деди нотиқ. Англия Парламентнинг ҳар бир очилиш сессиясида қирол ва қиролича нутқ сўзлайди. АҚШда ҳам ушбу анъана мавжуд бўлиб, бу анъана биринчи президент Жорж Вашингтон томонидан 1790 йилда Конгрессга оғзаки тарзда мурожаат қилиши билан вужудга келган. Эътиборлиси шундаки, Парламентга мурожаат АҚШда бугун санъат даражасига кўтарилган.

Парламентга мурожаат йўллаш жуда демократик ва ҳокимият тармоқларини ўзаро келишувига ёрдам берувчи институт ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам Президентимиз томонидан, мана, тўртинчи бор Мурожжатнома йўлланди ва бу борада ўзига хос тажриба тўпланди. Мурожаатнинг онлайн тарзда узатилиши эса хориж ва мамлакатда қанчалаб инсонларнинг ўша пайтнинг ўзидаёқ кўриш имконига эга бўлишига ёрдам берди. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мурожаатни нафақат Парламентга, балки Ўзбекистон халқига ва жаҳон ҳамжамиятига мурожаат, дейиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг бу галги Мурожаатномаси ҳам мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги энг муҳим воқеа бўлди, унда давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йилдаги асосий кўрсаткичлар ва 2021 йилга мўлжалланган мақсад ва вазифалар эълон қилинди.

Тадбирда Мурожаатноманинг асосий йўналишлари, унда илгари сурилган ғоя ва фикрлар, иқтисодий, ижтимоий соҳаларда амалга оширилиши белгиланган асосий вазифалар, уларни самарали ташкил этиш йўллари хусусида кенг тушунча ва маълумотлар ўртага ташланди.

– Мурожаатномада қирққа яқин йўналишлар қамраб олинган бўлиб, унда иқтисодиёт масалаларига ҳам жуда катта ўрин ажратилган, − деди “Шахта усулида кўмир қазиб олиш кони” филиали бош муҳандиси Жамолиддин Алимқулов. – Биз тадбир жараёнида Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар ижроси бўйича нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида билим ва тушунчаларга эга бўлдик. Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий жиҳатдан тараққий топиб бормоқда. Бу эса бошқа соҳалар, жумладан, маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш имконини беради. Мурожаатномада бу ўз аксини топгани бизни қувонтиради.

− Мурожаатномада Ватан тақдири билан чамбарчас боғлиқ масалалар, айниқса, ёшлар тарбияси, соғлиқни сақлаш, коронавирус балосидан асраш, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш йўналишларидаги муҳим вазифалар аниқ белгилаб берилган бўлиб, бу кундалик иш фаолиятимизда дастуриламал вазифасини ўтайди, корхонамизда меҳнат жамоаларидаги тарғибот ишларини самарали амалга оширишда бизга ёрдам беради, − деди “Автомобиль-технологик транспорти” филиали касаба уюшма қўмитаси раиси Раҳматжон Аҳматалиев.

Савол-жавоб тарзида кечган давра суҳбатида иштирокчилар Мурожаатнома юзасидан ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олди.

“2021 йил: янги марралар, якдил қадамлар” шиори остидаги маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари жамият корхоналарида давом этмоқда.

Неъмат ДУШАЕВ,
“Ўзбеккўмир” АЖ ахборот хизмати раҳбари.

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru