Кўмир тарқатишни қандай қилиб самарали ташкил этиш мумкин?

Тошкент вилояти аҳолисига 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсуми учун “Кўмир таъминот” МЧЖ Тошкент вилояти филиалининг омборлари орқали шу кунгача 61300 тоннадан кўпроқ кўмир тарқатилди. Айни кунларда бу иш давом эттирилмоқда. Ҳозирда мавжуд олти омборда 9,8 минг тонна кўмир заҳираси мавжуд. 5 февраль куни Ангрен шаҳар ҳокимлигида ташкил этилган очиқ мулоқот давомида мутасаддилар томонидан ана шу маълумотлар келтириб ўтилди.

“Ўзбеккўмир” АЖ Матбуот хизмати вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ангрен шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этган тадбирда шаҳардаги маҳаллалар раислари, фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

Ангрен шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Наргиза Назарова пандемия шароитида жорий куз-қиш мавсумига тайёргарлик мураккаб кечгани, шунга қарамай кўмирга эҳтиёжманд хонадонлар қаттиқ ёқилғи билан ҳар қачонгидан яхшироқ таъминланганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунинг учун “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти раҳбариятига ўз миннатдорлигини билдирди.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти 2020 йилда истеъмолчиларга 4,2 млн тонна кўмир етказиб берди.

Жорий йилда ушбу рақам 4,45 млн. тонна этиб белгиланган. “Ўзбеккўмир” АЖ бош геологи Эркин Жўраев корхонанинг ўтган йил иш натижалари ва истиқбол режалари ҳақида йиғилганларга сўзлаб берар экан, аҳоли талабига мос кўмир етказиб бериш борасида амалга оширилаётган тадбирларга тўхталиб ўтди.

Очиқ мулоқотда “Кўмир таъминот” МЧЖ Тошкент вилояти филиали раҳбари Абдуваҳоб Эргашев сўз олиб, аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир тарқатиш борасидаги ютуқ ва муаммолар хусусида маълумот берди, йиғилганларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.

Тадбирда маҳалла раислари ва фаолларидан тушган таклиф ва мулоҳазалар асосида аҳолини кўмир билан таъминлашни янада самарали ташкил этиш бўйича галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru