Қамчиқ довони: ҳаракат хавфсизлиги таъминланди

Шу йилнинг 23-25 февраль кунлари ноқулай об-ҳаво сабабли йўлда Қамчиқ довони йўлида тўхтаб қолган 286 та енгил ва юк транспорт воситасига техник-амалий ёрдам кўрсатилди, 712 нафар ҳайдовчи ва йўловчи исиниб олиш учун хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди. Ушбу тадбирларда “Ўзбеккўмир” АЖ фавқулодда вазиятлар куч ва тизимлари ҳам фаол иштирок этди.

Маълумки, Гидрометеорология хизмати маркази республикамизда 23-25 февраль кунлари об-ҳаво кескин совиб кетиши ҳақида аввалдан огоҳлантирган эди. Огоҳлик барча қатори “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси жамоасини ҳам сергакликка чорлади.

“Қамчиқ” МҚЁҚБ Ахборот хизматидан олинган маълумотларга кўра, 23 февраль куни соат 20:00да А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида 15 та механизациялашган назорат кузатув гуруҳи ва йўл бўлими ҳамда ЙПХ масканида навбатчилик иш фаолияти кучайтирилди.

Хостинг картинок yapx.ru

23-25 февраль кунлари Қамчиқ довонида кучли қор ёғиши кузатилиб, ҳарорат – 15º даражани, шамол тезлиги 20-31 м/с ни ташкил этди. Бундай шароитда “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 185-285 км оралиғида транспорт воситаларининг ҳаракати муракаблашади. Шу боисдан ҳам “Қамчиқ” МҚЁҚБдан 25 та авария-қутқарув техникаси ва 200 нафар шахсий таркиб, ИИВ ЙҲХ Бош бошқармасининг Наманган ва Тошкент вилояти бўлинмалари, “Қамчиқавтойўл” ИЙФУКдан 120 та махсус муҳандислик-техникаси ҳамда 350 нафар ишчи-ходим жалб этилди. Шунингдек, “Олмалиқ КМК” АЖ, Қамчиқ довонидаги қор кўчкисини кузатиш станцияси, Тошкент ва Наманган вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамда ушбу вилоятлар ҳудудий электр тармоқлари корхоналари, “Ўзбектелеком” АК Наманган филиалидан 70 га яқин ишчи-ходими 20 дан зиёд махсус автотехникалари билан сафарбар этилди.

Натижада 23-25 февраль кунлари ноқулай об-ҳаво сабабли йўлда тўхтаб қолган 286 та енгил ва юк транспорт воситасига техник-амалий ёрдам кўрсатилди, 712 нафар ҳайдовчи ва йўловчи исиниб олиш учун хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди.

Аҳолини вақтинча эвакуация қилиш мақсадида, “Олмалиқ КМК”, “Ўзбеккўмир”, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятлари томонидан махсус техникалар ва 15 та шахсий таркиб жалб этилиб, “юқори тайёргарлик” режимида фаолият олиб борилди.

Бир сўз билан айтганда, ҳамжиҳатликда олиб борилган амалий ишлар натижаси ўлароқ, Қамчиқ довони ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олди олинди ва транспорт воситаларининг хавф-хатарсиз манзилига етиб олиши учун барча зарур ёрдамлар кўрсатилди.