«Ангрен» кўмир конида ёқилғи қазиб олиш кўпаймоқда

Сўнгги ойларда Республикамизда қаттиқ ёқилғини очиқ усулда қазиб олувчи йирик кон иншооти − «Ангрен» кўмир конида қазиш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ҳажмлари кескин тушиб кетган эди. Ҳозирги кунда эса аҳвол ўзгарган. Қазиб олиш ва етказиб бериш ҳажмлари кун сайин ортиб бормоқда.

“Ўзбеккўмир” АЖ «Ангрен кўмир кони» филиали бошлиғи вазифасини бажариб турган бош муҳандис Абдурашид Рисқулов шундай дейди:

− Март ойида бошланган карантин тадбирлари ишлаб чиқариш жараёнларига таъсир кўрсатмоқда. Карантин оқибатида кон техникаларига бутловчи ва эҳтиёт қисмлар таъминотида ҳам тақчиллик кузатилди. Ҳозирги кунда аҳвол ижобий томонга ўзгариб бормоқда, − дейди А.Рисқулов.

Конда бир ҳафта аввал иккинчи янги забой ишга туширилди. Ваҳоланки, шу пайтгача атиги битта забойдан кўмир қазиб олинаётган эди. Бош муҳандиснинг қайд этишича, ҳадемай 3-забой фойдаланишга топширилади. Йил охиригача эса яна 4- ва 5-забойлар тайёр бўлиб, улардан ҳам кўмир қазиб олина бошлайди. Кончилар ана шу эзгу ишлар ҳаракатида. Бу каби тадбирлар эса ёқилғи қазиб олиш ҳажмларини ошириш ва бу борадаги режа-топшириқларни бажариш имконини беради.

Айни кунларда акциядорлик жамияти томонидан аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир бериш бошлаб юборилган.

Маълумот учун, «Ўзбеккўмир» АЖ тасарруфидаги конлардан йил бошидан буён 1 млн. 500 минг тоннадан кўпроқ ёқилғи қазиб олинди. Асосий истеъмолчи бўлган электр станцияларига етказиб берилган кўмир маҳсулоти ҳажми эса 1 млн. 500 минг тоннадан кўпроқни ташкил этмоқда.