Angren ko‘mir konida mehnat muhofazasi qanday tashkil etilmoqda?

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти тасарруфидаги “Ангрен кўмир кони” филиалида меҳнат муҳофазаси ҳамда саноат хавфсизлиги тадбирларини янада кучайтириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Хостинг картинок yapx.ru

“Меҳнат муҳофазаси” тушунчасининг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалади. Бу ҳақда дастлаб эрамиздан аввалги IV асрда яшаб ўтган олим Аристотель асарларида қайд қилинган бўлса, кейинчалик Гиппократ ҳам кон қазиш ишларида пайдо бўладиган чангларнинг инсон организмига таъсирини ёзиб қолдирган. Меҳнат муҳофазаси бўйича Россия тарихида биринчи марта улуғ рус олими Ломоносов бонг урган эди. У «Металлургия ёки руда ишларининг биринчи пойдевори» китобининг учинчи қисмида тоғ ишларида меҳнат муҳофазасига катта эътибор қаратиб, ер ости ишларини тўғри ташкил қилиш ва хавфсизлик чораларини қўллашдан бошлаб, ҳимоя тўсиқлари ва махсус иш кийимларининг тавсифигача тўхталиб ўтган. Айниқса, тоғ ишларида ёшларнинг меҳнатидан фойдаланиш уларнинг психикасига ва соғлигига қаттиқ таъсир қилишининг олдини олиш мақсадида мажбурий меҳнатга қарши бўлган.

Саноат мислсиз тараққий этган бугунги кунга келиб меҳнат муҳфазаси ва саноат хавфсизлиги масаласи кун тарибидаги долзарб вазифалардан бирига айланди. Кўмир ёқилғисини мураккаб геологик шароитда қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Жамиятда яқинда ўтказилган семинар йиғилиши ҳам айнан ана шу долзарб масалага бағишланди.

Хостинг картинок yapx.ru

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Ангрен кон техник инспекцияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Жамият ижро аппаратининг тегишли бўлим ва бошқармалари ходимлари, “Ангрен кўмир кони” филиали мутасаддилари ҳамда ишлаб чиқариш бўлимлари бошлиқлари ва ўрта бўғин раҳбарлари иштирок этди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси Ангрен кон техник инспекцияси бошлиғи У. Иркабаев тадбирда сўз олиб, “Ўзбеккўмир” АЖ филиалларида ўтган 2019 йил давомида меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ўзининг танқидий-таҳлилий фикрларини билдирди ва кун тартибидаги мавзу бўйича зурар тушунчалар берди.

Жамиятимизда инсон, унинг ҳаёти ва соғлиғи азиз ҳисбланади. Шу боисдан саноат корхоналарида ишловчи ҳар бир ҳодимга ишлаб чиқариш жараёнида хавфсиз иш шароитини яратиш муҳим. Семинар йиғилишида сўзга чиққанлар меҳнат муҳофазаси муаммоларини назарий ва амалий ҳал этиш учун давлат томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий ҳужжатларга, хусусан, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларига қатъий амал қилиш лозимлигини уқдириб ўтдилар.

Тадбирда меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлиги бўйича ўтган йилги ишлар таҳлил этилиб, галдаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Маълумот учун, “Ангрен кўмир кони” филиалида бугунги кунда 1700 нафардан зиёдроқ ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. 2019 йилда 26 та иш жойи меҳнат шароитлари бўйича шаҳодатланди, “Саноат хавфсизлиги” ўқув курсида 5 нафар ўрта бўғин раҳбарининг малакаси оширилди, кўтарма кранларда бехатар иш олиб бориш бўйича 61 нафар ўрта бўғин раҳбар ва ишчи ходимнинг малакаси оширилди. Қишки махсус кийим, махсус оёқ кийимлар ва ҳимоя воситалари учун 460 млн. сўм, ташкилий-техник чора тадбирлар учун 964,7 млн. сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, зарарли меҳнат шароитларида ишлаётган ишчи-ходимлар 632,6 млн. сўмлик махсус сут маҳсулотлари билан таъминланди.

“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати