“Кўмир таъминот”: узоқ ва чекка ҳудудлар аҳолиси учун савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда

Қашқадарё вилоятида аҳолини куз-қиш мавсуми учун кўмир билан таъминлашга катта эътибор берилмоқда. «Кўмир таъминот» МЧЖ Қашқадарё филиалидаги мавжуд етти омборда 12 ноябрь ҳолатига 10 минг тоннадан кўпроқ кўмир заҳираси бор. Шунинг 6 минг тоннаси маҳаллий (Ангрен), 4 минг тоннаси импорт (Қозоғистон) кўмиридир. Ҳозиргача ҳудуд аҳолисига 8 минг тоннага яқин қаттиқ ёқилғи сотилди.

«Кўмир таъминот» МЧЖ Қашқадарё филиалидан олинган маълумотларга кўра, вилоят бўйича 58 минг 539 тонна кўмир ва кўмир брикетларига эҳтиёж мавжуд. Шунинг 25 минг тоннаси аҳоли, 33 минг 539 тоннаси ижтимоий соҳа объектлари улушини ташкил этади. Ҳозирги кунда бюджет ташкилотлари кўмир ёқилғи билан тўлиқ таъминланган.

Айни кунларда вилоят бўйича етти кўмир омбори ишлаб турибди. Аҳоли талаб-истакларига кўра, яқинда Деҳқонобод туманида вақтинчалик кўмир тарқатиш шаҳобчаси очилди. Узоқ ва чекка ҳудудлар аҳолиси кўмирни тўғридан-тўғри жойларда, жумладан Шаҳрисабз туманининг Ғилон, Хитой, Китоб туманидаги Қавзахона, Яккабоғ туманидаги Ўрта, Бешигул ва Қайроғоч ҳамда Деҳқонобод туманидаги Янгиобод маҳалласи ташкил этилаётган ярмаркалар орқали ҳарид қилишлари мумкин.

Шунингдек, Китоб тумани аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида кўмир сотиш Шахрисабз кўмир омборининг бир йўла икки жойида ташкил этилган.

Ушбу омбор ва шаҳобчалар орқали вилоят бўйича кунига 500-900 тонна атрофида кўмир тарқатилмоқда.