Koronavirus: ushbu kasallik haqida nimalarni bilish kerak?

Ўтган йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган коронавирус касаллиги нафақат ушбу мамлакат, балки бошқа қатор давлатларда ҳам хавфли эпидемик “юриши”ни давом эттириб, жаҳон жамоатчилигини қаттиқ хавотирга солмоқда. Ҳўш, Республикамизда бу борада вазият қай даражада? Ушбу касалликнинг четдан кириб келишининг олдини олиш бўйича галдаги долзарб вазифалар нималардан иборат?

“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида 20 февраль куни Жамият махсус бўлими томонидан “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган семинар айнан ана шу мавзуга бағишланди.

Хостинг картинок yapx.ru

Коронавирус касаллиги биринчи марта 2019 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган эди. Кейинчалик у Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Гонконг, Тайван, Макао, Филлипин, Австралия ва бошқа давлатларда ҳам рўйхатга олинаётганлиги айтилмоқда.

Ўтган давр мобайнида Республикамиз ҳудудида ушбу хасталик билан касалланганлар кузатилгани йўқ. Аммо хорижий давлатлар билан турли “борди-келди”лар оқибатида ушбу касаллик чақирувчи вируснинг республикамиз ҳудудига кириб келиш хавфи мавжуд. Шу боисдан ҳам ҳукуматимиз хавфли эпитемиянинг олдини олиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўриб, уни изчил амалга ошириб келмоқда. “Қамчиқ” махсус қидирув, ёнғин қутқарув бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бахтиёр Шайқулов, бошқарманинг бўлинма бошлиғи Шерзод Қудратов тадбирда сўз олиб, коронавирус касаллиги бўйича бугунги кундаги вазият, бу борада республикамиз, шу жумладан бошқарма томонидан амалга оширилаётган долзарб тадбирлар тўғрисида маълумот бердилар. Ўз навбатида фуқароларимиз, ишчи-ходимлар, айниқса, корхона ва ташкилотларда фаолият кўрсатаётган фуқаро муҳофазаси мутахассис-ходимлари коронавирус тўғрисида ва ундан сақланиш йўллари бўйича тушунчасини ошириши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Коронавируслар – вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигини чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир оғир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи, оғир кечувчи касалликни келтириб чиқаради. Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган. Ушбу вирусга “2019-nCoV” номи берилди.

Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча коронавирус касаллигини даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли, бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда. Касаллик хасталанган одамлардан ҳаво-томчи ҳамда маиший мулоқот йўли билан юқади. Беморга ёрдам кўрсатишда ҳимоя воситаларидан фойдаланилмаса, шифохона шароитида тиббиёт ходимларига хам касалликнинг юқиши мумкин.

Бемор уйда аниқланганда, бемор ётган хоналар, фойдаланган жиҳозлар, идиш-товоқлари хлор сақловчи воситалари ёрдамида ёки қайнатиш билан зарарсизлантирилади. Организмнинг инфекцияга қарши курашувчанлигини ошириш мақсадида витамин ва оқсилларга бой бўлган маҳсулотларни, пиёз, саримсоқ, цитрус мевалар, наъматак меваларидан тайёрланган дамламалар истеъмол қилиш лозим. Касаллик юқмаслиги учун, жамоат жойларида докадан тикилган ниқоб ёки бир марталик респираторларни тақиш тавсия этилади.

Семинарда таъкидландики, нафақат коронавирус, балки барча юқумли касалликларнинг олдини олишнинг энг самарали усули, бу шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига қатьий амал қилиш, аҳоли ўртасида, шу жумладан ишчи-ходимлар ўртасида санитария тарғибот ишларини тўғри ташкил этишдан иборат.

Тадбир жараёнида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Айни пайтда жамият корхоналари раҳбар-мутахассисларига коронавирус касаллигининг олдин олиш бўйича зарур тавсиялар берилди.