Меҳнат муносабатлари қай тарзда ташкил этилмоқда?

Корхона ва ташкилотларда меҳнат муносабатларини ташкил этиш, хусусан, ишчи-ходимларининг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, уларни ҳимоя қилиш, шунингдек, хавфсиз шарт-шароитлар яратиш борасидаги қонун ҳужжатлари ижроси қай аҳволда? Бу борада замон талабларига мос равишда янгича шакл ва усуллар қўлланилаяптими ёки ҳамон эскича нуқтаи-назар ҳукмронми?

Хостинг картинок yapx.ru

“Ўзбеккўмир” АЖ ижро аппарати мажлислар залида ўтказилган семинарда ана шу долзарб масала муҳокама этилди.

Жамият бўлим ва бошқармалари, хизматлар, филиаллар ҳамда касаба уюшма қўмиталари вакиллари иштирокида ташкил этилган тадбирда, шунингдек меҳнат муносабатлари бўйича дуч келинаётган муаммо ва камчиликлар тилга олиниб, уларни бартараф этиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Хостинг картинок yapx.ru

Қайд этиш керак, Жамият юридик бўлим бошлиғи Абдусалом Закиров раислигида ўтказилган семинар ўта танқидий руҳда кечди. Унда юридик бўлим юристконсульти Олима Мираюбова мавзу юзасидан атрфлича тушунтириш бериб ўтди. “Ангрен кўмир кони” филиали юристи Собитхон Аброров, “Автомобиль ва технологик транспорти” филиали касаба уюшмаси раиси Раҳматжон Аҳматалиев ҳамда Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси ўринбосари Анорбек Султоновлар меҳнат муносабатларини ташкил этиш юзасидан қимматли ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар. Ўз ўрнида юридик бўлим вакиллари барча муаммоли вазиятларни бартараф этишда энг аввало жамоа шартномасига амал қилиш лозимлигини таъкидлаб, келгусида дуч келиш мумкин бўлган зиддиятли ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан зарур тавсиялар беришди.

Семинарда касаба уюшма қўмиталари вакиллари конларда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни махсус уст-бош, қўлқоп ва антицептик воситалар билан тўла ва ўз вақтида таъминлаш масаласини кўтаришди. Айфсуски, айрим филиалларда бу борада назорат ва таъминот етарли даражада эмас. Боз устига яроқлилик муддати тугаган ишчи кийимларидан мажбурий фойдаланилганлик учун ходимни жазога тортиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айни пайтда филиаллардаги ишчи-ходимларнинг ҳаммаси ҳам ўз хизмат йўриқномаси, иш берувчи билан тузилган шартнома билан ҳам яхши таниш эмаслиги танқид остига олинди.

Семинар давомида Анорбек Султонов йиғилганлар эътиборини яна бир масала – Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 12 ноябрдаги 245-сонли қарори билан тасдиқланган “Корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларда меҳнатни муҳофаза қилиш жамғармасини ташкил қилиш ва унинг маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низомга қаратди ва корхонада мазкур Низомга биноан меҳнатни муҳофаза қилиш фондини ташкил қилиш масаласи ҳанузгача очиқ қолаётгани эслатиб ўтди.

Бир сўз билан айтганда, меҳнат муносабатларини ташкил этишдаги ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилиб, келгуси вазифалар аниқ белгилаб олинган семинар йиғилганлар учун фойдали бўлди.

Абдунодир Носиров

“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати