“O’zbekko’mir” AJ: ko’mir qazib olish hajmini qanday oshirish va mahsulot sifatini yaxshilash kerak? (fotoreportaj)

Ўзбекистонда қазиб олинадиган кўмирнинг 85 фоизи «Ангрен» очиқ кони ҳиссасига тўғри келади. Хўш, бу ерда кўмир қандай қазиб олинмоқда, унинг сифати қай даражада?

Шу саволларга жавоб олиш мақсадида «Aнгрен» кўмир ҳавзасига ОAВ учун медиа-тур ташкил этилди.

«Ангрен» – бу қалинлиги 60 метргача ва чуқурлиги 130дан 150 метргача бўлган кўмир кони бўлиб, кўмир қатламларига етиш учун хавфсизлик чораларига риоя этган ҳолда тўғри ҳаракат қилиш керак. Зеро, кўмирни очиқ усулда қазиб олишда катта миқдордаги тоғ жинсларини олиб ташлаш, яъни устки қатламни очиш, турли кўчкиларга йўл қўймаслик талаб қилинади.

Медиа-тур давомида кўмир қаизб олиш жараёни билан бевосита танишдик. У ерда ишлаб, меҳнат қилаётган инсонлар билан суҳбатлашдик.

«Ҳозир конда қазиб олиш жараёни 250 метр чуқурликда олиб борилмоқда. Бунинг учун барча зарур техникалар жалб этилган. Махсус экскаваторлар электр токи орқали ишлайди. Кўмир конида иш тўхтовсиз давом этади. Ҳозирда конда бир кунда 10-12 минг тоннагача кўмир қазиб олинмоқда», – дейди «Ангрен» кўмир кони бош энергетиги Фаррух Отажонов.

Шундан сўнг кўмир қазиб олинаётган майдонга бордик. 200-220 метр чуқурликда экскаваторлар билан кўмир олиниб, «Белаз» русумли юк машиналарида ташилмоқда. Махсус ташилган жойдан ишчилар кўмирни саралаб, тошларини олиб ташлашмоқда. Майда кўмир парчалари юқорига махсус мосламада чиқарилмоқда.

Медиа-тур давомида журналистлар кўмир қатламини очиш ва қазиб олиш, саралаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

Маълумки, кўп ҳолларда сифатли кўмир сифатсиз хомашё (кўмир кукуни) билан аралаштириб юборилар ва шу ҳолда электр станцияларига ҳам, аҳолига ҳам етказиб берилар эди. Бу айниқса уйини қишда кўмир билан иситувчи хонадон эгаларини қониқтирмасди. Сабаби, кўмир кукуни уй печларида яхши ёнмайди ва кўмирга қараганда анча кам иссиқлик беради.

Кўмирнинг донадорлигини таъминлаш анча мураккаб иш. Жигарранг кўмир, нисбатан юмшоқ бўлиб, қазиб олиш, юклаш, тушириш, қайта юклаш жараёнида зарбалардан осон парчаланади.

Ҳозирда ушбу кондан йилига ўртача 1 миллион тонна каолин қазиб олинмоқда. Бу мамлакатнинг ушбу чўкинди минералга бўлган эҳтиёжини қоплайди.

Маълумотларга кўра, республика бюджет ташкилотлари учун жорий йилнинг 1 ноябригача 405,4 минг тонна, аҳоли эҳтиёжлари учун 1 декабргача 600 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, республика эҳтиёжи учун йилига 6 миллион тонна кўмир керак. Жорий йилда «Ангрен» кони ана шу талабнинг 3 миллион 700 минг тоннасини қондиради. Бу эса эҳтиёжга яраша кўмир қазиб олиш учун очиқ конда кўмир устки қатламини очишни жадаллаштиришни тақозо этади.