Республикамизда мавжуд уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2020/2021 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлаш тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Бу борада «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан ҳам чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий тармоқларга 1 345 400 тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган. Шундан: 405 000 тонна кўмир ва кўмир маҳсулотлари — бюджет ташкилотлари учун (муддати 1 ноябргача), 600 000 тонна — аҳоли учун (1 декабргача), 340 000 тонна импорт кўмир — аҳоли учун етказиб берилади.

Бугунги кунда кўмир етказиб бериш учун 91 та кўмир омбори фаолият кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Андижон ва Самарқанд вилоятларидаги мактабгача таълим муассасаларида сифатсиз кўмирдан “қўлбола брикет” тайёрлаётганлиги ҳақида тарқалган хабарлар тарқалди.

Ушбу хабарларда келтирилган маълумотлар “Ўзбеккўмир” АЖ мутассадилари томонидан жойига чиқиб муфассал ўрганилди.
Хусусан, Самарқанд вилояти Тайлоқ туман мактабгача таълим ташкилотига карашли 30-сон МТТнинг бир нечта ишчи ходимлари кўмир майдаларини алоҳида йиғиб гувала шаклига келтираётганлиги акс эттирилган видео-суратлар юзасидан “Кўмир таъминот” МЧЖ Самарқанд вилояти филиали ишчи гуруҳи ўша куннинг ўзидаёқ воқеа жойида бўлди.

Аниқланишича, мазкур МТТ ҳақиқатан ҳам 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсуми учун жами 9 160 кг. брикет ва 4 790 кг. кўмир махсулоти қабул қилиб олган. Шунинг 4 790 кг. кўмир маҳсулотида тахминан 650-700 кг. ёки 14-15 фоиз кўмир майдаси чиққан. МТМ ходимлари ушбу кўмир майдасини исроф қилмаслик мақсадида уларни йиғиб, сув қўшиб, гувала шаклига келтирган ва 2-3 кун очиқ ҳавода қуритиб, усти ёпиқ омборхонага жойлаштирган ҳамда устини лой сувоқ билан суваб қўйган. Ишчи гуруҳ жойида кўрганида, ҳақиқатан ҳам кўмир ва кўмир маҳсулотлари усти ёпиқ омборхонада, усти сувоқ қилинган ҳолатда сақланаётганлиги аниқлади.

МТТ директори ва хўжалик ишлари бўйича ходимидан қабул қилиб олинган кўмир миқдори ва сифати ҳақида сўралганида, улар бу ҳақда ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини маълум қилдилар.

Ижтимоий тармоқларда “Андижон вилоятидан” деб берилган фотосуратдаги ҳолатлар ҳам Андижон вилояти мактабгача таълим муассасалари маъсул ходимлари билан биргаликда ҳар бир муассаса бўйича ўрганиб чиқилди. Бироқ ушбу фотосуратлар вилоятдаги МТМларга тааллуқли эканлиги аниқланмади.

Андижон вилояти мактабгача таълим бошқармаси «Андижон кўмир етказувчи» филиали билан 2020 йилнинг август ойида 5171 тн кўмир ва 14718 тн брикет етказиб бериш бўйича 7624,0 млн. сўмга шартнома тузган.

Шартномага асосан сентябрь ойида 1589,3 млн. сўм маблағ ўтказилган. Боошқарма 2020 йилнинг 8 сентябридан кўмир олишни бошлаган, 31.10.2020 йилга қадар бошқармага жами 12368 тн кўмир ёқилғиси етказиб берилган (кўмир 10034 тн, брикет ва 2334 тн).

“Ўзбеккўмир” АЖ аҳоли ва бюджет ташкилотларини жорий куз-қиш мавсумида етарли ва миқдорда сифатли кўмир ва кўмир маҳсулотлари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича барча чораларни кўрмоқда.