Синовли кунларни биргаликда енгиб ўтамиз

Ижтимоий тармоқларда “Ўзбеккўмир” АЖ ишчиларининг хизмат автобусида ноқулай аҳволда ишга қатнаётгани акс эттирилган видео тарқалди. Ушбу видеолавҳа асносида хизмат автобуслари ишчи-йўловчиларни меъёридан кўп олаётганига эътироз билдирилган.

«Ўзбеккўмир» АЖ тегишли бўлимлари ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ушбу масала ўрганиб чиқилди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 23 мартдаги 176-сонли қарори ва Жамият Бош директорининг шу асосдаги буйруғи ижроси доирасида бугунги кунда Жамиятнинг барча таркибий бўлинмалари ва филиалларида кучайтирилган тартиб жорий этилган.

Бунда энг аввало ходимларнинг иш жойлари, бириктирилган ҳудудлар ҳамда хизмат автоуловлари санитария нормаларида кўрсатилган даражада доимий равишда дезинфекция қилинмоқда. Иш жойида бўлишнинг зарурияти ва бажариладиган ишнинг муҳимлиги ўрганиб чиқилиб, асосий фаолиятга таъсир этмаган ҳолда ишчи-ходимларга навбатдаги меҳнат таътили берилди. Иш жойларида қолган ходимларнинг меҳнат фаолияти максимал даражада масофадан ташкил этилмоқда. Шунингдек, иш жойлари шахсий ҳимоя ва гигиеник воситалари (ниқоб, совун, спиртли антисептик) билан таъминланган.

Видеолавҳада «Темир йўл транспортини бошқариш» филиали ходимларига хизмат кўрсатаётган «MAN» русумли йўловчи ташувчи автоуловидаги ҳолат акс эттирилгани аниқланди.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, карантин шароитида жамоат ва шахсий транспорт воситалари ҳаракати ўта чекланган. Жамиятда вазият тақазосидан келиб чиқиб, хизмат автоуловлари қатнов жадваллари жиддий қайта кўриб чиқилди ва улар қатнови устидан назорат кучайтирилган.

Карантин муносабати билан «Темир йўл транспортини бошқариш» филиалига бириктирилган автоуловлар йўлга чиқишидан олдин ва хизмат жараёнида автокорхона махсус ходимлари ва ҳайдовчилар томонидан мунтазам равишда дизинфекция қилинмоқда.

Видеолоавҳада акс эттирилган ҳолат юзасидан филиал ходимлари вакиллари билан суҳбат ўтказилиб, бугунги карантин шароитида қатор чекловлар ўрнатилгани, барча карантин талабларига сўзсиз бўйсуниши, айни пайтда сабрли бўлиш, муаммолар юзага келганида ўзаро баҳамжиҳатликда бартараф этиш лозимлиги тушунтирилди.

«Ўзбеккўмир» АЖ Матбуот хизмати