Собиқ жангчилар учун пойтахтга саёҳат уюштирилди

Собиқ жангчилар учун пойтахтга саёҳат уюштирилди

“Ўзбеккўмир” АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси 14 январь ‒ Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тизимда меҳнат қилаётган қирқдан ошиқ собиқ байналмилал жангчилар учун пойтахтимизга саёҳат уюштирди.

Ҳазрати Имом мажмуаси

Шаҳри азимга саёҳат Ҳазрати Имом мажмуаси таркибига кирувчи “Мўйи Муборак” мадрасасида сақланаётган Қуръони кримнинг энг қадимий нусхаси – Ҳазрати Усмон Мусҳафини кўришдан бошланди. Йўлбошловчи берган маълумотга кўра, бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу) буйруқларига асосан VII асрда (мил. 644–648 йй.) кийик терисига кўчиртирилган. Ўша даврда жами олти нусха Мусҳаф кўчиртирилган экан. Шулардан ер юзида китоб шаклида сақланган ягона нусха ушбу кутубхона музейидаги Мусҳафдир. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йилнинг 28 августида ушбу Мусҳафнинг асл нусха эканини тасдиқловчи ҳужжат – сертификат берди.

“Ғалаба боғи” ҳамда “Шон-шараф” музейи

Иккинчи манзил, муҳташам “Ғалаба боғи” бўлди. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қад ростлаган “Ғалаба боғи” таркибида “Шон-шараф” музейи ҳам фаолият юритади. Музейда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбекистонликлар ҳақидаги маълумотлар, ўша даврлар руҳини тўлиқ ҳис этишга имкон берувчи экспонатлар ўрин олган.

Абдусали РУСТАМҚУЛОВ, Ангрен кўмир кони филиали экскаватор машинисти:

‒ Бу музей менга жуда маъқул бўлди. Музей экспонатлари орқали Иккинчи жаҳон урушига тушиб қолгандай бўлдик. Жангда ишлатилган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳарни кўриб армиядаги вақтларим ёдимга тушди. “Уруш даври мактублари” бурчагини кузатар эканман, ҳаёт-мамот орасида турган аскарларнинг уйига мактуб ёзишга вақти бўлганлигига ажабландим. Бугун беш дақиқа вақт топиб ота-онасидан хабар олмайдиган фарзанларга яхшигина ўрнак эмасми? Яна бир нарсани айтай. Бизнинг авлод муддатли ҳарбий хизматни чет элда ўтаб қайтарди. Ана шу вақтда уйга ёзган хатларимиз гоҳида йўқолиб кетар, гоҳида эса хатдан олдин ўзимиз уйга кириб келар эдик…

“Шон-шараф музейи”да шунингдек, фронтортида ўзбекистонликларнинг кўрсатган хизматлари аниқ далилларга суянган ҳолда таъсирчан кўргазмаларда кўрсатиб берилган.

“Ғалаба боғи”га келтириб қўйилган самолётлар, танклар ва уруш декоратциялари нафақат ёшларни, балки биз катталарни ҳам ҳайратга солди. Боғга келувчиларнинг кўпчилиги ёшларни ташкил қилар экан. Болаларни мана шундай файзли манзилларга мактаблардан, институтлардан олиб келиб турсак, уларга Ватан, тинчлик, фидойилик ҳақида соатлаб насиҳат қилишга эҳтиёж қолмайди. Мен ҳам кейинги сафар невараларим билан келишни ният қилиб қўйдим.

“Наврўз” ва“Tashkent city” боғи

“Наврўз боғи”да этнографик шаҳарча қурилган экан. Унда Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар номлари билан аталадиган кўчалар ва қадимий услубда уйлар бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари, ҳунармандчилиги, турмуш тарзи акс эттирилган. Пахса деворлари, айвонлар, чойхона ва устахоналар тимсолида қадимий маҳаллалар қайта тикланган.

Шунингдек, юртимиз бўйлаб қад ростлаган тарихий обидаларнинг кичрайтирилган макетлари боғга ўзгача файз бағишламоқда. Бу боғни кезиб чиққан саёҳатчиларимиз худди Ўзбекистонни айланиб чиққандай бўлишди.

Диаметри 72 метр бўлган чархпалакка чиққан ишчилар бутун Тошкент шаҳрини юқоридан томоша қилишди. Юқоридан қараганда Тошкентнинг машҳур манзиллари янаям кўркам кўринса, олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари кўлами янада аниқроқ кўринар экан. Қисқача қилиб айтганда, кўҳна ва навқирон Тошкент параллел ҳолатда намоён бўлади. Агар саёҳат режасидаги белгиланган вақт тугаб қолмаганида сайр узоқ давом этиши мумкин эди.

Кейинги манзил “Tashkent city” боғи бўлиб, саёҳат дастурини якунлаб берди. Баланд ва кўркам бинолар ҳавас қилса арзигулик. Бутун боғда байрам кайфияти ҳукмрон. Кунлар бироз исигани учун боғдаги кўл сувга тўлдирилибди. Сув юзида муз бўлаклари сузиб юрибди. Ана шу ерда ҳамкасблар эсдалик учун суратга тушиб олишди.

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru

Хостинг картинок yapx.ru