VOLEYBOL BO‘YIChA AYoLLAR JAMOALARI MUSOBAQASI

28 февраль куни «Ўзбеккўмир» АЖ биринчилиги учун аёллар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича мусобақалар ўтказилди. Унда Жамият Ижро аппарати ва филиалларида ташкил этилган саккиз жамоа қатнашди.

Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб Жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан яқинда таъмирдан чиқарилган “Темир йўл транспорти” филиали спорт залида уюштирилган спорт тадбирини қўмита раиси Абдуносир Қаюмов кириш сўзи билан очиб берди ва мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Мусобақани “Автомобиль технологик транспорти бошқармаси” ҳамда “Энергия ва телекоммуникация тармоқлари” филиаллари вакиллари кўтаринки руҳда бошлаб бердилар.

Ҳаяжонли қийқириқларга тўла жараённи кузата туриб, турли ёшдаги ва турли касбдаги хотин-қизларнинг тўп ўйнаш маҳоратига қойил қолдик. Жамият корхоналарида оммавий спорт турлари анча ривожланган, ютуқлар ҳам кўп. Ўтган йили “Бош вазир кубоги” мусобақаларида Жамият вакилларидан Феруза Юлдашева ҳамда Ирода Азимовалар “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ волейболчи аёллар жамоаси таркибида муваффақиятли иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида шарафли биринчи ўринни қўлга киритиб қайтдилар.

Бугун барча филиалларда оммавий спорт ривожланмоқда. “Автомобиль технологик транспорти бошқармаси” филиалида волейбол жамоалари ташкил этилганига ўн йилдан ошган. Ёзги спорт майдончаси бор. Ходимлар тушлик пайти спорт билан бемалол ва мунтазам шуғулланади. Бу ишчи-ходимларга ўзгача завқ бағишлайди, жамоада эса соғлом турмуш тарзи қарор топади…

Қизғин ва муросасиз кечган мусобақа натижаларига кўра, I ўринни «Тоғ-кон ускуналарини созлаш заводи» филиали жамоаси қўлга киритди. Кейинги ўринлар «Темир йўл транспортини бошқариш» филиали ва Геология-қидирув экспедицияси вакилларига насиб этди.

Хостинг картинок yapx.ru

Ғолиб ва совриндорларга Бирлашган касаба уюшма қўмитасининг диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.