“Янги Ўзбекситон" таассуротлари
Publication date: 13.10.2021 20:21:30“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти ходимларининг яна бир катта гуруҳи пойтахтимиз бўйлаб саёҳатда бўлиб қайтишди.
Саёҳат бугунги кунда барчани ўзига чорлаётган “Янги Ўзбекистон” боғидан бошланди. Бир юз тўрт гектарлик боғ марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлаган. Бу ерда айни пайтда сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари ташкил этилмоқда.
Шундан сўнг саёҳатчилар Алишер Навоий номи берилган Давлат Адабиёт музейи, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Давлат Академик катта театрини кўздан кечиришди.
Шаҳри азимга саёҳат Адиблар хиёбони томошаси билан ниҳоясига етди.
– Жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ташкиллаштирган саёҳат барчамизда катта таассурот қолдирди, – дейди саёҳатчилар гу-руҳига раҳбарлик қилган “Ўзбеккўмир” АЖ лабораторияси мудираси Елена Викторовна Расулова. – Гарчи кун ёмғирли ўтган бўлса-да, бу кайфиятимизга асло таъсир қилгани йўқ. Аксинча, ёмғирли Тошкент барчамизга ўзининг янги қирраларини очиб берди.
Отабек Бакиров,
“Ўзбеккўмир” газетаси мухбири