Кончи-қурувчилар қандай ишлар билан банд?
Nashr qilingan sana: 18.08.2022 09:42:57“Ўзбеккўмир” АЖ таркибидаги мавжуд барча корхоналар ўз йўналишларида фаолият юритиб, республикамиз истеъмолчилари қаттиқ ёқилғи билан таъминлашдек шарафли ишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. “Қурилиш-монтаж ишлари филиали ана шундай меҳнат жамоаларидан бири саналади.
Яқинда ушбу филиалда бўлиб, бу ердаги иш жараёни билан танишдик.
− Ишимизни техникасиз тасаввур қилиб бўлмайди, қурилиш материаллари ва ускуналарини қурилиш объектларига ўз вақтида етказиб беришда уларнинг ҳамиша хизматга шайлиги биз учун муҳим, − дейди филиал бош муҳандиси Мирзоҳид Қувонов. − Шунинг учун, энг аввало, техника воситалари ҳамиша соз ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу вазифаларнинг назорати участка механиги Бахром Алматов зиммасига юклатилган.
Иш жараёнида қурилиш техникалари панд бериб қўймаслиги учун ҳайдовчилар билан бирга автомобилларни таъмирлаш бўйича чилангарлар Андрей Марченко, Анваржон Боймуратов ҳамда автотаъмирловчи ва аккумляторчи Холбек Умиров бир ёқадан бош чиқариб астойдил меҳнат қилишмоқда.
− Таъмирлаш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида ишчиларимизнинг универсаллигини оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Мана, яқинда Холбек Умиров ишдан ажралмаган ҳолда кўприкли кран машинистлигига ўқиб келди. Энди у, таъмирлаш жараёнида зарурият туғилиб қолса, кранни ҳам бемалол бошқараверади, − дейди хурсандлигидан участка механиги Б.Алматов.
Дурадгорлик цехига кириб борганимизда, ҳақиқий меҳнат жараёнинини кўрдик: кимдир ускунада эшик-дераза ромларини тайёрлаяпти, яна кимдир рандалаш, ўлчаш ишлари билан банд, бошқа бир ишчи эшик ва деразаларнинг сифати кўздан кечириб, камчиликларини тўғриламоқда... Суриштирсак, цехда участка устаси Элмурод Бектурапов бошчилигида ўз ишининг устасига айланган Алишер Мадумаров, Ҳабибулло Рузиматов ва уларнинг ҳамкасблари бугунги кунга берилган наряд топшириқларни адо этиш билан банд экан.
Ишчиларни суҳбатга тортамиз.
− Ҳамкасб йигитлар билан ишлаш жуда мароқли. Сабаби, улар ўз ишларини ипидан-игнасигача тўлиқ ўзлаштириб олишган. Биз ҳар бир янги топшириқни бажаришга киришишдан олдин ўзаро келишиб, пухта режалаштириб оламиз. Шу боисдан ҳам иш осон кечади, − дейди Элмурод.
Эътиборлиси, ишчилар бир касб билан чекланиб қолишмаган. Ўрни келганида улар бошқа вазифаларни ҳам эплаб кетаверадилар. Масалан, бетончилар етишмагани сабаб, ўша куни дурадгорлар Баҳодир Ҳайтбаев билан Усмон Махсудовлар бетончи Дилшод Машарифовга қўшилиб, бирга шлакоблок қуйишди. Дилмуроднинг таъкидлашича, жамоа аҳил, топшириқни бажариш учун ишчилар бир-биридан ёрдамини аямайди.
Айни кунларда жамият корхоналарида жорий куз-қиш масумига тайёргарлик ишлари қизғин бошлаб юборилган. Бу борада “Қурилиш-монтаж ишлари” филиали жамоасининг ҳиссаси катта бўлиши шубҳасиз. Дарҳақиқат, ишлаб чиқилган чора-тадбирларга кўра, жамоа зиммасига қатор муҳим вазифалар юклатилган.
Айни кунларда ушбу жамоа вакиллари “Ангрен” кўмир конидаги 16-бўлим конвейерларининг 2.9-линиясида таъмирлаш ишлари олиб бормоқда. Улар “Темир йўл транспорти” филиали тепловоз депоси биноси ички томонини ҳам таъмирлаб беришаяпти. Ёнғин-қутқарув қисми “АТТ” филиали ҳудудидан кўмир устки қатламини очиш йўналиши объектига кўчирилган эди. Ҳозирда қутқарувчиларга зарур шарт-шароит яратиш мақсадида ҳам улар жойлашган бинода қатор таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Кўзда тутилмаган бошқа қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳам бор ва қурувчилар уларни ҳам ўз вақтида, сифатли адо этишга ҳаракат қилмоқдалар.
Албатта иш ҳамиша силлиқ кетавермайди. Гоҳо арзимаган қурилиш материали етишмай, жараён таққа тўхтаб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боисдан ҳам бош муҳандис Мирзоҳид Қувонов барча ишларни қатъий ўз назоратига олган. Мавжуд етишмовчиликлар кундалик назорат давомида аниқланиб, раҳбарият билан биргаликда тезда бартараф этиш тараддуди кўрилади.
14 август − қурувчилар куни. Биз байрам арафасида “Қурилиш монтаж ишлари” филиалида бўлиб, жамоа аъзоларини жўшқин меҳнат жараёнида учратдик ва касб байрамларини муносиб кутиб олаётганларига яққол гувоҳ бўлдик.
Фурсатдан фойдаланиб, филиалининг барча ишчи-ходимларини муборакбод этамиз. Шарафли касб эгаларига мустаҳкам соғлиқ ва келгуси ишларида муваффақиятлар тилаб қоламиз.
Қутлуғ Тешабоев,
“Ўзбеккўмир” АЖ етакчи мутахассис
Izohlar
Oxirgi yangiliklar:
Yong‘in xavfsizligi qoidalari targ‘ib qilinmoqda
Respublikamizda 15-noyabrdan boshlangan “Yong‘in xavfsizligi oyligi” tadbirlari davom etmoqda. O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-...
O'qishDavlat xizmatchisiga tadbirkorlik taqiqlanadi
Shu yilning 6-dekabr kunidan “Manfaatlar to‘qnashuvi to‘g‘risida O‘zbekiston Respublikasi Qonuni kuchga kiradi. Shu munosabat bilan “O‘zbekko‘mir” aksiyador...
O'qishIste'molchi murojaati joyida ijobiy hal etildi
Aholi iste’molchilariga ko‘mir yoqilg‘isi yetkazib berish jarayonida fuqarolardan tushayotgan takliflar ham inobatga olinib, ular tomonidan kiritilayotgan muammoli masala...
O'qishRespublikamizda “Yong‘in xavfsizligi oyligi” boshlandi
O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-oktabrdagi 2-son bayoniga asosan joriy yilning 15-noyabridan 15-dekabriga qadar Respublikamiz hududida “Yon...
O'qish