Истеъмолчилардан кўп тушадиган саволлар ва ушбу саволларга жавоблар
1. Аҳоли истеъмолчиларига мўлжалланган кўмирнинг сифат кўрсаткичлари ‒ Аҳолига мўлжалланган маҳаллий кўмир БРЗ2 маркали бўлиб, фракцияси 0-500 мм., намлиги 35, кулчанлиги 18 фоизни ташкил этади (бунда юкланган кўмир истеъмолчига етиб боргунча юклаш-тушириш ва қайта юклаб тушириш жараёнларида маҳсулотнинг муайян қисми кукун ҳолатига келиши ҳамда маҳсулот таркибида 2 фоизгача тоғ жинслари учраши мумкинлиги эътибордан соқит қилинмайди).
Ангрен кўмир конидан юкланган ёқилғи кўмир жамланмасига етказилгач, у ерда лабораториядан ўтказилади. Ҳар бир вагондаги маҳсулотга сифат гувоҳномаси берилади.
Харидор кўмирни ўз ҳудудидаги омборлардан сотиб олаётган чоғида ўша сифат гувоҳномасини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
2. Бир тонна кўмир нархи қанча? ‒ “Кўмир таъминот” МЧЖ омборлари орқали аҳолига таклиф этилаётган маҳаллий кўмирнинг бир тоннаси ‒ 309 минг 800 сўмни ташкил қилади.
Бюджет ташкилотлари учун – 431 400 сўм/т.
“Кўмир таъминот” МЧЖ ҳудудий кўмир омборларида аҳоли томонидан харид қилинган маҳсулот омборга қарашли автотранспортда бепул юклаб берилади.
Харидор сотиб олинган ёқилғини ўз истиқомат қиладиган манзилига олиб кетиш чоғида шахсий, шунингдек, ўзаро келишув асосида омбор тасарруфидаги юк автомобилларидан фойдаланиши ва ёки ташқаридан хусусий ташувчилардан бирини ёллаши мумкин.
3. Қиш мавсуми учун харид қилинган кўмир ёқилғисини сақлаш тартиблари ‒ Ангрен кўмир конига тегишли қўнғир кўмир қаттиқлик даражаси бўйича 4-шкалада бўлиб, нисбатан юмшоқлик хоссасига эга. Шу боис сотиб олинган кўмирнинг ўз инкубация даври ва сақлаш талаблари мавжуд. Тахминан 20 кундан кейин ҳар қандай кўмир ҳам очиқ ҳавода қолса, кун сайин ўз хусусиятларини йўқота бошлайди.
Қаттиқ ёқилғининг сифати бузилмаслиги учун уни махсус омборларда, устини ёпиб сақлаш тавсия этилади. Очиқ ҳавода қолган кўмир қуриб, уқаланиб кетиши табиий.
4. Аҳоли ёқилғи харид қилиш учун кимга мурожаат қилиши лозим? ‒ Ҳар йили табиий газ етиб бормаган аҳоли пунктларида МФЙлар томонидан кўмирга бўлган эҳтиёж аниқланади ва тегишли рўйхат шакллантирилиб, туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдим этилади.
Маҳаллий ҳокимликлар ушбу рўйхатлар асосида ҳудудий кўмир омборларига буюртма беради ва кўмир тарқатиш жадвалини тасдиқлайди. Аҳоли ушбу жадвалга асосан ўзига яқин ҳудудий кўмир омборига мурожаат қилади.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбеккўмир” АЖ кўмирни “Кўмир таъминот” МЧЖнинг кўмир омборлари манзилига юклаб жўнатишни таъминлайди ҳамда унинг сифати ва ҳажми учун жавоб беради.
“Кўмир таъминот” МЧЖ эса ўз омборига келиб тушган кўмир сифатли сақланиши ҳамда истеъмолчиларга сотилишини таъминлайди.
Маълумот учун, аҳоли истеъмолчилари маҳаллий кўмир харид қилишда муаммога дуч келса, қуйидаги “Ишонч телефон”ларига мурожаат қилиши мумкин:
“Ўзбеккўмир” АЖ - 78-148-30-03.
“Кўмир таъминот” МЧЖ - 71-244-38-28.