Ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш режаси муддатидан олдин бажарилди
Nashr qilingan sana: 16.08.2021 19:50:36“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятида 2021/2022 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш режаси муддатидан 15 кун аввал бажарилди. Бюджет истеъмолчиларига режадаги 450 минг тонна кўмир ёқилғиси ҳудудлардаги кўмир омборларига тўлиқ юклаб юборилди. Бу ўтган йилги режага нисбатан 45 минг тоннага кўпдир.
Шу муносабат билан 2021 йилнинг 16 август куни “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда “Ангрен” кўмир конига пресс-тур ўтказилди.
“Ўзбеккўмир”АЖ конларидан жорий йилда 4,45 млн тонна кўмир қазиб олиш, истеъмолчиларга 4,8 млн тонна, жумладан, иссиқлик электр станцияларига – 3,3 млн тонна, аҳолига – 985 минг тонна, ижтимоий соҳа ташкилотларига – 450 минг тонна, иқтисодиётнинг реал секторига – 0,1 млн тонна қаттиқ ёқилғи етказиб бериш режалаштирилган.
Йилнинг ўтган етти ойи давомида конлардан 2,6 млн тонна кўмир қазиб олинди. Бу режага нисбатан 100,4 фоизни ташкил қилади. 16 август куни ижтимоий соҳа объектлари учун кўмирнинг сўнгги тонналари вагонларга юкланди.
− Биз кўмир конида маҳсулот юклаш пункларини кўпайтирдик. 16-бўлимда қуриб ишга туширилган янги кўмир юклаш пункти шарофати билан суткасига 5 минг тоннагача ёқилғи юклаб жўнатилмоқда, − дейди “Ўзбеккўмир” АЖ бош геологи Эркин Жўраев.
Кўмир конида тайёр маҳсулотни юклаб жўнатувчи иккита кўмир юклаш пункти мавжуд эди. 16-бўлимда яна бир пункт қуриб ишга туширилди. Натижада юклаш жараёнидаги тиғизликка барҳам берилди. Вақт тежалмоқда, вагонлар ҳам кутиб қолмаяпти. Бундан ташқари истеъмолчиларга кўмирни сифатли етказиш имконияти ҳам кенгайди.
Кўмир конида кон техникаларидан унумли фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш ҳам белгиланган режалар бажарилишида муҳим омил бўлмоқда.
Кўмир маҳсулоти истеъмолчиларга “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги 96 та ҳудудий кўмир омборлари орқали тарқатилмоқда.
− Жорий йил куз-қиш мавсуми учун республика умумтаълим мактабларини 241,5 минг тонна, мактабгача таълим муасасаларини 87,8 минг тонна, соғлиқни сақлаш муассасаларини 64,8 минг тонна, олий ва ўрта махсус таълим муассасасаларини 6,3 минг тонна, маданият муассасаларини 6,3 минг тонна, туризм объектларини 3,7 минг тонна кўмир билан 1 сентябрга қолдирмай, муддатидан аввал тўла таъминлашга эришдик, − дейди “Кўмир таъминот” МЧЖ бош директори Ғолиб Эшончаев. – Бу борада бюджет ташкилотлари билан тўғридан-тўғри шартномалар ўз вақтида расмийлаштирилгани, тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлар масалага тўғри ёндошгани, “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ томонидан вагонлар ўз вақтида етказиб берилгани муҳим омил бўлди.
Айни кунларда республика аҳолисини кўмир билан таъминлаш ишлари ҳам бошлаб юборилди.
Пресс-тур авалида кўмир кони мажлислар залида жамият бош директори Владимир Кузнецов, бош муҳандис Зафар Иномходжаев, “Кўмир таъминот” МЧЖ бош директори Ғолиб Эшончаев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда жамият фаолиятидаги янгиликлар ҳамда келгуси режалар ҳақида ахборот берилиб, журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Журналистлар кўмир конида бўлиб, ёқилғи қазиб олиш, саралаш, юклаш ва истеъмолчиларга жўнатиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Izohlar
Oxirgi yangiliklar:
Yong‘in xavfsizligi qoidalari targ‘ib qilinmoqda
Respublikamizda 15-noyabrdan boshlangan “Yong‘in xavfsizligi oyligi” tadbirlari davom etmoqda. O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-...
O'qishDavlat xizmatchisiga tadbirkorlik taqiqlanadi
Shu yilning 6-dekabr kunidan “Manfaatlar to‘qnashuvi to‘g‘risida O‘zbekiston Respublikasi Qonuni kuchga kiradi. Shu munosabat bilan “O‘zbekko‘mir” aksiyador...
O'qishIste'molchi murojaati joyida ijobiy hal etildi
Aholi iste’molchilariga ko‘mir yoqilg‘isi yetkazib berish jarayonida fuqarolardan tushayotgan takliflar ham inobatga olinib, ular tomonidan kiritilayotgan muammoli masala...
O'qishRespublikamizda “Yong‘in xavfsizligi oyligi” boshlandi
O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-oktabrdagi 2-son bayoniga asosan joriy yilning 15-noyabridan 15-dekabriga qadar Respublikamiz hududida “Yon...
O'qish