Расмий муносабат
Nashr qilingan sana: 10.11.2022 19:56:352022 йилнинг 4-5 ноябрь кунлари «Миллий ТВ» нодавлат мусиқий-кўнгилочар ва маърифий каналининг «Миллар» кўрсатуви орқали эфирга узатилган ва интернет тармоқларидаги саҳифаларида тарқатилган «Ангренда портлаш марказидаги уйлар» сарлавҳаси остидаги танқидий телелавҳага расмий муносабат.
Телелавҳада қайд этилган объект ‒ Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳар Чинниобод маҳалласининг жойлашуви (геопозицияси) ҳақиқатдан ҳам «Ангрен» кўмир конининг истиқболли режасида қаттиқ ёқилғи қазиб олинадиган захира майдонига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ‒4234 сонли Қарорига асосан «Ангрен» кўмир конининг истиқболли ривожланиши ва ишлаб чиқариш майдонларининг кенгайиши инобатга олиниб, мавжуд бинолар ва хонадонларнинг қийматини баҳолатиш ва аниқланган нархга асосан компенсация тўловларини амалга ошириш орқали Чинниобод маҳалласида истиқомат қилувчи тегишли аҳолининг кўчирилиши белгиланган.
Қарорга мувофиқ, кўчирилаётган аҳолига, жами 168 якка тартибдаги хонадонларнинг баҳоланиши хулосасига мувофиқ компенсация тўловларини амалга ошириш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ зиммасига юклатилган бўлиб, Тошкент вилояти ва Ангрен шаҳар ҳокимликларига тегишли қарор ишлаб чиқиб тасдиқлаш, шунингдек бошқа хавфсиз ҳудуддан кўчиришга тушган хонадонлар эгалари учун ер майдонлари ажратиб бериш вазифаси белгиланган.
Компенсация миқдори 18,16 млрд. сўмни ташкил қилган ва ушбу сумма «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳамда Ангрен шаҳар ҳокимлиги ўртасида тузилган шартномага асосан ҳокимият махсус мақсадли ҳисоб рақамига ўтказиб берилган.
Шу ўринда қайд этиш керак, Ҳукуматнинг тегишли қарорига асосан, кўмир саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва ишлаб чиқариш барқарорлигини таъминлаш мақсадида «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти 2017-2019 йиллар давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг таркибида фаолият юритган. Шунга кўра, компенсация тўловлари «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамиятининг манфаатини кўзлаган ҳолда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан амалга оширилганлиги, ўз навбатида «Ўзбеккўмир» АЖнинг компенсация мажбурияти тўлиқ бажарилганлигини кўришимиз мумкин.
Кўчириш ишлари аввалига бир маромда олиб борилган ва кейинчалик «Ўзбеккўмир» АЖнинг мутасаддилари учун номаълум бўлган сабабларга кўра, жараён охирига етказилмаган. Натижада, 2021 йилга келиб Чинниобод маҳалласида кўчиришга тушган 168 хонадондан 82тасидаги истиқоматчилар ўз хонадонларининг баҳоланган қийматига норози эканликлари ва қайта баҳолаш ишларини амалга оширилиш талабини маълум қилган.
Шунингдек орадан анча вақт ўтганлиги натижасида вужудга келган нархлар ўртасидаги тафовут ҳамда аҳолининг талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб, 2021 йил 5 апрель куни «Ўзбеккўмир» АЖ ҳамда «SIANT BAHO» баҳолаш ташкилоти ўртасидаги тузилган шартномага асосан «қайта баҳолаш» ишлари учун 583,0 млн.сўм тўлаб берилган ва қайта баҳолов ишлари амалга оширилган.
Бироқ, қайта баҳолов натижаларига кўра, компенсация қийматини қоплаш «Ўзбеккўмир» АЖ зиммасига юклатилмаган ва бу борада Ангрен шаҳар ҳокимлиги билан ҳеч қандай ёзма ёки оғзаки келишув амалга оширилмаган.
Телелавҳада Ангрен шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Шавкат Эркабоев мавзу юзасидан интервью берар экан, ўз сўзида масалани етарлича ўрганмасдан, ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотни айтиб ўтган. Жумладан, журналистлар билан учрашувдан олдин «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти бош директори билан компенсация тўловларини ким амалга ошириши юзасидан ҳеч қандай суҳбат бўлмаган.
Шу ўринда бир савол туғилади. Дастлабки баҳолов натижасига кўра, белгиланган компенсация суммаси тўлиқ ўтказиб берилган, аммо ҳали ҳудуддаги 82 хонадон эгаси тегишли компенсация суммасини олмаган экан, ўтказиб берилган 18,16 млрд. сўмнинг қолган қисми ўз вақтида қайси мақсадларда ишлатилган ва қаерда?..
Қайд этилганларга кўра, телелавҳа «Миллий ТВ» журналисти томонидан мавзу чуқурроқ ўрганилмасдан, бир томонлама ва тасдиқланмаган маълумотларга асосланган ҳолда тайёрланган деб ҳисоблаймиз. Таъкидлаш жоизки, журналист ташрифи «Ўзбеккўмир» АЖ мутасаддиларига айнан уларнинг Чинниобод маҳалласига келиб, маҳаллий аҳоли билан суҳбат ўтказганидан сўнг маълум қилинган ва жамиятдан вакил келиши шу пайтда сўралган.
Бундан ташқари, «Миллий ТВ» мухбири аҳолидан олган интервьюлардаги аксарият шикоят ва важларга бир тарафлама ва эмоционал баҳо берган, яъни ишлаб чиқариш жараёнларининг техник ва технологик томонларини ўрганмай, жамият мутахассисларининг муносабатига ўрин бермасдан, вазиятни ўта оғир даражасига етказиб, эфирга узатган. Бу «журналистик ўрганиш» мақомига нечоғлик тўғри келади?
Лавҳада мухбир ва маҳаллий аҳоли томонидан кўчиришга тушган хонадонлар атрофида хавфсизлик чоралари кўрилмаганлиги, девор тўсиқлар ўтказилмаганлиги оқибатида чорва моллари ва ёш болаларнинг корхона ҳудудига кириб кетиши ва жароҳатланиши, шу билан бирга портлашлар амалга оширилиши, электровозларнинг шовқин солиб юриши ва бошқа шу каби ҳолатлар қайд этилган ва бу табиий. Сабаби, кўмир конининг ишлаб чиқариш ҳудуди чорва моллар ўтлаб юришига ёки маҳаллий аҳоли вакилларининг мароқли вақт ўтказишига мўлжалланган жой эмас. Очиқ ишлаб чиқариш ҳудудида, албатта, чанг-тўзон бўлади, оғир техника ҳаракатланади, ер қазиш ва бурғулаш ишлари амалга оширилади. Бинобарин, ушбу жараёнлар табиийлигини Чинобод маҳалласининг «Ўзбеккўмир»АЖ корхоналарида фаолият юритаётган аксарият вакиллари яхши билади.
Телелавҳада маҳаллий аҳоли вакилларидан бирининг шахсий хўжалигига қарашли беш бош қорамолнинг поезд тагида қолиб кетгани ҳақидаги шикояти ҳам асоссиз. Ушбу қорамоллар билан боғлиқ воқеа Чинниобод маҳалласида эмас, аксинча «Ўзбеккўмир» АЖ «Темир йўл транспорти» филиали саноат ҳудуди (канал станцияси йўналишидаги канал ва темир йўл кесишмаси)да 2022 йилнинг 21 апрель куни рўй берган ва бу ҳол чорва моллари эгасининг бевосита айби билан содир этилган. Таъкидлаш керак, жамият ишлаб чиқариш ҳудудида шахсий чорва моллари боқиш қатъий тақиқланади. Бу ҳақида маҳаллий аҳоли мунтазам огоҳлантириб келинади, кон яқинидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига тегишли мурожаат хатлари ҳам чиқарилган.
«Миллий ТВ» кўрсатуви жараёнида фуқаронинг чорва моллари билан боғлиқ ҳодиса оқибатида кўрган зарарида жамият асоссиз айбланган.
Албатта, кўмир конининг ёқилғи захира ҳудудидан ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар билан кўча олмаётган аҳоли вакилларининг ташвишларини тушунамиз. Бироқ, қайд этилганидек, юзага келган компенсация билан боғлиқ масала «Ўзбеккўмир» АЖ ваколати ва имконияти даражасидаги вазифа эмас.
«Ўзбеккўмир» АЖ ишлаб чиқариш ҳудудида қолиб кетган аҳолини кўчириш ишларини уларни рози қилган ҳолда тезроқ якунлаш тарафдори.
Шу муносабат билан, кўтарилган масала фақатгина «Ўзбеккўмир» АЖ боғлиқ бўлмасдан тегишли муассаса ва идоралар ҳамда давлат ташкилотлари билан бирга ечилишини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати
Izohlar
hkwIOciaVRqX
23.11.2022 11:29:14BOWfNcdTbPuHlogV
23.11.2022 11:29:10Oxirgi yangiliklar:
Aholiga arzonlashtirilgan ko‘mir tarqatilmoqda
JamiyatTanlash Yurtimizda sovuq kunlar boshlanib, hamyurtlarimiz, ijtimoiy soha muassasalarining kuz-qish mavsumi bilan bog‘liq tayyorgarlik ishlari holatini ko‘r...
O'qishGaz va elektrdan ehtiyokorona foydalaning!
Respublikamizda 15-noyabrdan boshlangan “Yong‘in xavfsizligi oyligi” doirasida “O‘zbekko‘mir” aksiyadorlik jamiyatida qator targ‘ibot-tashviqot tadbirlari o‘tkaz...
O'qishYong‘in xavfsizligi qoidalari targ‘ib qilinmoqda
Respublikamizda 15-noyabrdan boshlangan “Yong‘in xavfsizligi oyligi” tadbirlari davom etmoqda. O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-...
O'qishDavlat xizmatchisiga tadbirkorlik taqiqlanadi
Shu yilning 6-dekabr kunidan “Manfaatlar to‘qnashuvi to‘g‘risida O‘zbekiston Respublikasi Qonuni kuchga kiradi. Shu munosabat bilan “O‘zbekko‘mir” aksiyador...
O'qish