Янги Ўзбекистоннинг кўркам манзилларига саёҳат
Nashr qilingan sana: 13.09.2021 16:15:30Жорий йилнинг 31 август куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида “Янги Ўзбекистон” боғининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Ўтган қисқа вақт ичида ушбу маскан юртдошларимиз ва ҳорижлик меҳмонларнинг энг яхши саёҳат масканига айланиб улгурди.
11 сентябрь куни “Ўзбеккўмир” АЖ ходимларидан бир гуруҳи ҳам пойтахтимизга саёҳатни айнан “Янги Ўзбекистон боғи”дан бошладилар.
Ушбу боғ харитасига қарасангиз, унинг шакли улкан дарахтнинг бешта шохига ўхшайди. Бир юз тўрт гектарлик ҳудуд марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлаган. Бу ерда айни пайтда сунъий кўл, спорт майдончалари, болалар ўйингоҳлари, амфитеатр, фавворалар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, ҳунармандчилик дўконлари ташкил этилмоқда.
Боғ томошасига ошиққан саёҳатчиларни айниқса, “Истиқлол” мажмуаси ҳайратга солди. Ушбу мажмуанинг юқори нуқтасига Ҳумо қуши ҳайкали қўндирилган. Монументнинг асосий қисмига миллий давлатчилигимиз ва илм-фанимиз, адабиётимиз тарихида ўчмас из қолдирган аждоджларимиз, жадидлик ҳаракатининг фаол иштирокчилари, ХХ аср ва ХХI аср биринчи чорагида Ўзбекистонни бошқарган бир қатор раҳбарлар тимсолини ўзида акс эттирган ҳайкаллар ўрнатилган. Шунингдек, декорацияда тарих ва бугун нафасини акс эттиррувчи ёрдамчи деталлар тасвири ҳам мавжуд.
Истиқлол йиллари эришилган ютуқлар ўз аксини топган “Янги Ўзбекистон” боғидан кейинги манзиллар “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси ва “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи, Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигига бағишлаб барпо этилган “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси ва “Шон-шараф” давлат музейи бўлди.
“Ўзбеккўмир” АЖ ишчи-ходимлари “Ғалаба” боғи ҳудудида уруш ва унинг оқибатлари, уруш даври манзаралари, жумладан окоп ва блиндажлар, платкалар, дала ошхоналари, ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, Ўзбекистон халқининг фронт ва фронт ортида кўрсатган жасорати, машаққатли меҳнати, қайғу-алами, шунингдек, эришилган буюк ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ифодаланган ҳайкал ва декорациларни кўздан кечиришди.
Саёҳатчиларнинг аксари хотин-қизлардан иборат эканлиги учунми, “Матонат мадҳияси” мажмуасига алоҳида эътибор қаратилди. Унда бутун ўзбек аёлларининг садоқати рамзига айланган зангиоталик Зулфия Зокирова ва унинг урушда ҳалок бўлган беш ўғлининг вафодор рафиқалари акс эттирилган эди.
Замонавий ва қулай автобусда пойтахт бўйлаб давом этган саёҳатда танаффус тушлик вақтига тўғри келди. Саёҳатчилар миллий таомлари билан машҳур бўлган ресторанда овқатланиб, ором олгач кейинги манзиллар сари юриш бошланди.
“Жасорат” монументал мажмуаси 1966 йил 26 апрель куни соат 5:24да Тошкент шаҳрида юз берган 8,3 балли зилзила ва ундан кейинги шаҳарнинг қайта тикланиши тарихини ўзида акс эттиради. Саёҳатчилар ушбу масканда ҳам бўлдилар.
Шаҳри азимга саёҳат Ҳазрати Имом мажмуаси зиёрати билан ниҳоясига етди. Мажмуа таркибига кирувчи “Мўйи Муборак” мадрасасида Қуръони Каримнинг энг қадимий нусхаси – ҳазрати Усмон Мусҳафи сақланар экан. Йўлбошловчи берган маълумотга кўра, бу муборак Қуръон учинчи халифа Усмон ибн Аффон буйруғига асосан VII асрда (мил. 644–648 йй.) кийик терисига кўчиртирилган. Ўша даврда жами олти нусха Мусҳаф кўчиртирилган. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти 2000 йилнинг 28 августида ушбу Мусҳафнинг асл нусха эканини тасдиқловчи ҳужжат – сертификат берди.
Жамият Бирлашган касаба уюшма қўмитаси ташкиллаштирган саёҳат кўтаринки руҳда якунланди. Барча иштирокчиларнинг ундан мамнунлиги юз-кўзларидан, ўзаро суҳбатларидан билиниб турарди.
Азим Тошкент кундан-кунга ўзгариб, чирой очиб бормоқда. Ҳар сафар келган одам янги бунёдкорлик намуналаридан баҳраманд бўлиб кетади.
Отабек Бакиров
Izohlar
Oxirgi yangiliklar:
Yong‘in xavfsizligi qoidalari targ‘ib qilinmoqda
Respublikamizda 15-noyabrdan boshlangan “Yong‘in xavfsizligi oyligi” tadbirlari davom etmoqda. O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-...
O'qishDavlat xizmatchisiga tadbirkorlik taqiqlanadi
Shu yilning 6-dekabr kunidan “Manfaatlar to‘qnashuvi to‘g‘risida O‘zbekiston Respublikasi Qonuni kuchga kiradi. Shu munosabat bilan “O‘zbekko‘mir” aksiyador...
O'qishIste'molchi murojaati joyida ijobiy hal etildi
Aholi iste’molchilariga ko‘mir yoqilg‘isi yetkazib berish jarayonida fuqarolardan tushayotgan takliflar ham inobatga olinib, ular tomonidan kiritilayotgan muammoli masala...
O'qishRespublikamizda “Yong‘in xavfsizligi oyligi” boshlandi
O‘zbekiston Respublikasi Hukumat komissiyasining 2024-yil 28-oktabrdagi 2-son bayoniga asosan joriy yilning 15-noyabridan 15-dekabriga qadar Respublikamiz hududida “Yon...
O'qish