Мактабга мўлжалланган кўмирга сув қўшилгани ростми?
Nashr qilingan sana: 15.09.2022 00:01:57Ижтимоий тармоқда Навоий вилояти Хатирчи туманида бюджет ташкилотларига кўмир тарқатиш билан боғлиқ танқидий мазмундаги видеолавҳа тарқалди.
Фуқаро Ф.Ҳамдамовнинг мурожаати асосида блогер томонидан тасвирга туширилган видеолавҳада бюджет ташкилотларига мўлжалланган кўмир гўё талон-тарож қилинаётгани, хусусан тумандаги 28-сонли мактаб учун юк хатида кўрсатилганидан кам кўмир ортилгани ва камомадни қоплаш мақсадида кўмирга сув қўшилгани, шунингдек, сохта юк хати расмийлаштирилгани ҳақида гап боради.
Ушбу лавҳа юзасидан “Кўмир таъминот” МЧЖ Навоий вилояти филиали бошлиғи Ф.Неъматов имзоси билан қуйидаги мазмунда муносабат хати олинди:
“Хатирчи туманидаги ҳудудий кўмир омбори орқали 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун бюджет ташкилотларига 4545,0 тонна кўмир ёқилғиси тарқатиш режалаштирилган, − дейилади жумладан муносабат хатида. − Кўмир омбори мавсумга пухта тайёрланган, жумладан автоэлектрон тарози давлат стандартлаштириш ва метрология марказида томонидан қиёслашдан ўтказилган. Кўмир ёқилғиси бюджет ташкилотларига қарашли ёки улар томонидан ёлланган автоуловларга кўмир омбори тасарруфидаги автоюклагич воситасида юклаб берилмоқда.
Жорий йилнинг 12 сентябрь ҳолатига Хатирчи туманидаги бюджет ташкилотлари туман ҳудудий кўмир омбори томонидан 4453,69 тонна кўмир ёқилғиси билан таъминланган ёки бу борадаги режа 98 фоизга бажарилган. Тумандаги 28-сонли мактабга жорий мавсум учун 44280 кг. кўмир ёқилғиси ажратилган бўлиб, бугунги кунда ушбу маҳсулот тўлиқ юклаб юборилган.
Видеолавҳада акс эттирилган HOWO русумли юк автомашинасига ҳақиқатдан ҳам Хатирчи туманидаги 28-сонли мактаб учун кўмир ёқилғиси юкланган бўлиб, юк хатида таранинг оғирлиги 17080 кг., унга ортилган кўмирнинг оғирлиги 19240 кг., жами 36320 кг. деб тўғри кўрсатилган. Хатирчи туман ИИБ профилактика инспектори Й.Абдурайимов, мурожаатчи Ф.Ҳамдамов, ҳудудий кўмир омбори ва 28-сонли мактаб мутасаддилари ҳамда холислар иштирокида юкланган кўмир қайта ўлчовдан ўтказилганида бу ўз тасдиғини топди.
HOWO русумли юк автомашинаси кабинасидан мурожаатчи томонидан топилган юк хати Хатирчи кўмир омбори томонидан берилган эмас. Маълум бўлигича, ушбу ҳужжат 28-сонли мактаб хўжалик мудири томонидан ёзилган ва ушбу мактаб муҳри босилган.
28-сонли мактаб учун 9 сентябрь куни юкланган кўмир ёқилғисига юк хати омбор мудири Ғафур Ҳамроев томонидан тўғри расмийлаштирилган бўлиб, нусха кўчириш қоғози (копировка)дан фойдаланилган. Шу боис юк хатидаги ёзувлар мурожаатчига қаламда ёзилгандек таассурот уйғотган бўлиши мумкин.
“Мактабга юкланган кўмирга омбор ходимлари томонидан сув қўшилган”лик факти ҳам тасдиқланмади. Ҳайдовчидан юкланган кўмирнинг намлиги сабаби сўралганида, у йўлда кўмир кукуни шамолга учиб, ҳайдовчи ва пиёдаларга ноқулайлик туғдирмаслиги учун юк устига маълум миқдорда сув сепганинини маълум қилди.
Бюджет ташкилотларига 2БР маркали кўмир тарқатилмоқда. Маҳсулотнинг ўлчами 0-300 мм.гача бўлиб, куллик даражаси 17 фоизни, намлиги 40 фоизни ташкил этади.
Айни пайтда видеолавҳада тилга олинган ҳолатлар бўйича Хатирчи туман ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда”.
“Ўзбеккўмир”
АЖ Ахборот хизмати.
Oxirgi yangiliklar:
Konchilar spartakiadasi: kuch, mahorat va hamjihatlik
“O‘zbekko‘mir” AJda O‘zbekiston Respublikasi davlat mustaqilligining 35 yilligi munosabati bilan “Yagona Vatan, yagona xalq bo‘lib, yangi hayot va kelajak yaratamiz!” bos...
O'qish
Korrupsiyaga oid jinoyatlar uchun javobgarlik: yangi talablar
Joriy yilning 21-avgust kuni “O‘zbekko‘mir” aksiyadorlik jamiyatida korrupsiyaga qarshi kurashish masalalariga bag‘ishlangan davra suhbati o‘tkazildi. Markaziy dispetch...
O'qish
Ommaviy axborot vositalari vakillari va blogerlar diqqatiga!
“O‘zbekko‘mir” AJning 2026-yil I yarim yillik faoliyati yakunlari va galdagi ustuvor vazifalari mavzusida matbuot anjumani o‘tkaziladi. Manzil: O‘zMTRK “Toshkent” tel...
O'qish
Jamoa shartnomasi: huquq va kafolatlaringizni bilasizmi?
“O‘zbekko‘mir” aksiyadorlik jamiyatida 2026–2028-yillarga mo‘ljallangan yangi jamoa shartnomasi ish beruvchi va xodimlar o‘rtasidagi mehnat, ijtimoiy-iqtisodiy hamda...
O'qish