Республика ижтимоий соҳа объектлари 15 сентябргача маҳаллий кўмир билан тўлиқ таъминланади
Nashr qilingan sana: 29.07.2022 09:32:13“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан жорий 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун республика ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли эҳтиёжлари учун қанча миқдорда маҳаллий кўмир етказиб берилади? Истеъмолчиларни етарли миқдорда қаттиқ ёқилғи билан тўла таъминлаш учун кўмир захиралари етарлими, маҳсулот сифати, уни етказиб беришни тартибларида қандай янгиликлар бор?
2022 йилнинг 29 июль куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига уюштирилган пресс-тур мавзуси айнан ана шу масалага бағишланди.
Пресс-тур аввалида жамиятга қарашли “Ангрен” кўмир конининг марказий диспетчерлик пунктида журналистлар учун матбуот анжумани ташкил этилди.
Жамият бош директори Владимир Кузнецов, бош директорнинг биринчи ўринбосари Алижон Мираҳмедов, бош муҳандис вазифасини Жаҳонгир Муталипов, бош геолог Эркин Валиевич Жўраев, “Кўмир таъминот” МЧЖ логистика бўлими бошлиғи, кўмир сифати бўйича назоратчи Дмитрий Зборивец иштирокида ўтказилган анжуманда қаттиқ ёқилғи қазиб олиш, саралаш ва юклаш жараёнлари, бу борадаги кўрсаткичлар, сифат бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ахборотлар берилди.
− Жамиятимиз томонидан 2022/2023 йиллар куз-қиш мавсуми учун Республика ижтимоий соҳа объектларига 518 минг тонна, аҳоли эҳтиёжлари учун 882 минг тонна маҳаллий кўмир маҳсулотлари етказиб бериш режалаштирилган, − деди бош директорнинг биринчи ўринбосари А.Мираҳмедов. − Ижтимоий соҳа объектларига кўмир юклаш ишларини бу йил ҳар галгидан анча барвақт − 1 апрелдан бошланди. Айни пайтда жамият томонидан кунига ўртача 4,5 минг тонна кўмир юклаб жўнатилмоқда. Маҳсулот “Кўмир таъминот” МЧЖга қарашли 101 ҳудудий кўмир омбори ва шаҳобчалари орқали тарқатилаяпти. 2022 йил 27 июль ҳолатига бюджет ташкилотлари учун 326,3 минг тонна маҳаллий кўмир ортиб юборилди. Кўмир тарқатиш ишлари Самарқанд ва Хоразм вилоятларида айниқса намунали ташкил этилмоқда.
Республика бюджет ташкилотларини куз-қиш мавсуми учун кўмир билан тўлиқ таъминлаш ишларини 15 сентябрга қадар якунлаш, аҳолини маҳаллий кўмир билан таъминлашни эса 1 декабргача тугатиш режалаштирилган.
Мулоқот жараёнида таъкидланганидек, Республика бюджет ташкилотлари ва аҳоли учун мўлжалланган маҳаллий кўмир БР-2 маркали бўлиб, фракцияси 0-300мм.ни, кулчанлиги 17 фоизни ташкил этади.
Маълумот учун, “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти томонидан 2022 йилда истеъмолчиларга 4,8 миллион тонна кўмир етказиб берилади. Биринчи ярим йиллик давомида 2,4 млн. тонна (прогнозга нисбатан 97,1 фоиз) кўмир қазиб олинди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 110,4 фоизга тенгдир.
“Ангрен” кўмир кони “Ўзбеккўмир” АЖ’нинг қаттиқ ёқилғи қазиб олувчи асосий кони ҳисобланиб, 2022 йилда ушбу конда 4328,7 минг тонна кўмир қазиб олиш белгиланган. Айни кунларда бу ерда 40дан ортиқ кон экскаваторидан фойдаланилмоқда. Уларнинг тўрттаси бевосита кўмир қазиб олиш ва юклаш ишларига сафарбар қилинган.
Мулоқот чоғи журналистлар ва блогерларни ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олдилар.
Куннинг иккинчи ярмида “Ангрен” кўмир конига пресс-тур уюштирилди. Журналист ва блогерлар кўмир қазиб олиш, саралаш ва юклаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.
Неъмат Душаев,
“Ўзбеккўмир” АЖ Ахборот хизмати раҳбари









Oxirgi yangiliklar:
JAMOATCHILIK KENGASHINING NAVBATDAGI YIG‘ILISHI BO‘LIB O‘TDI
“O‘zbekko‘mir” AJ huzuridagi Jamoatchilik kengashining navbatdagi yig‘ilishi Angren ko'mir konida bo‘lib o‘tdi. Unda Bosh direktorning matbuot kotibi va axborot siyosati...
O'qish
Yoqilg‘i-energetika sohasi: aniq maqsad va vazifalar
Mamlakatimizda yoqilg‘i-energetika tarmog‘ini zamonaviy talablar asosida rivojlantirish, boshqaruv samaradorligini oshirish va bozor tamoyillarini bosqichma-bosqich joriy...
O'qish
Press-tur : bozor mexanizmlari Angren ko‘mir konida qanday joriy etilmoqda?
"O‘zbekko‘mir" AJ jurnalist va blogerlarni Angren ko‘mir konidagi ishjarayonlari bilan tanishtirdi. ANGREN, 25-sentabr 2026-yil. ‒ “O‘zbekko‘mir” AJ tomon...
O'qish
Hurmatli “O‘zbekko‘mir” AJ huzuridagi Jamoatchilik kengashi a’zolari!
Hurmatli “O‘zbekko‘mir” AJ huzuridagi Jamoatchilik kengashi a’zolari! Sizni Jamoatchilik kengashining navbatdagi yig‘ilishiga taklif etamiz. 📅 Sana: 25.09.2026...
O'qish